Тошкент давлат шарқшунослик университетида Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ажмал Амин билан учрашув бўлиб ўтди.
Хорижлик дипломат Ўзбекистоннинг Афғонистон муаммосига қаратаётган эътибори, афғон халқига кўрсатаётган ёрдами, шунингдек, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги ўрни ва аҳамиятига юқори баҳо бериб, ўзбек ва афғон халқларини азалдан умумий тарих, анъана ва урф-одат ҳамда буюк сиймоларнинг бебаҳо мероси муштараклиги боғлаб туришини таъкидлади.
Элчихона маслаҳатчиси жорий йил 21 январь куни Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги тенденциялар: Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон билан ўзаро муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилганини билдирди. Мазкур тадбирда афғонистонлик мутахассислар ва элчихона ходимлари ҳам иштирок этгани қайд этилди.
ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида барча соҳалар каби олий таълим йўналишида ҳам алоқалар тобора мустаҳкамланаётгани, жумладан, олий ўқув юртимизнинг Афғонистон Фанлар академияси, Кобул ва Балх университетлари билан ҳамкорлиги йўлга қўйилаётганини айтиб ўтди. Хусусан, 2021 йил 5-6 февраль кунлари буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида университетимизда ўтказиладиган “Алишер Навоий жаҳон шарқшунослари нигоҳида” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистоннинг мазкур университетлари раҳбарияти, навоийшунос олимлари ҳам иштирок этиши режалаштирилгани маълум қилинди.
Учрашув сўнгида элчихона маслаҳатчиси Ажмал Амин университет ахборот-ресурс марказига Афғонистон Фанлар академияси томонидан нашр этилган афғоншуносликка доир дарий ва пушту тилларидаги 85 та илмий адабиёт намунаси ва журнал тақдим этди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ТДШУда 60 йилдан бери афғон тиллари – пушту, дарий ҳамда Афғонистон тарихи бўйича мутахассислар тайёрлаб келинмоқда. Охирги йилларда сиёсат соҳасига ҳам афғоншунос кадрлар етказиб бериш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур таълим даргоҳида 250 нафарга яқин талаба пушту ва дарий тилини асосий ва қўшимча тил сифатида ўқиб келмоқда. Университет “Эрон-афғон филологияси” кафедраси профессори, минтақадаги етакчи афғоншунос олимлардан бири Абдураҳим Маннонов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистон – Афғонистон” Дўстлик жамияти раиси сифатида халқ дипломатияси воситалари орқали икки мамлакат дўстона алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Элёр Маҳмудов,
ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори