Айни пайтда Халқ депутатлари Қувасой шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.
Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этаётган бўлиб, ўз маърузасида шаҳар улкан имкониятларга эга бўлсада кўплаб соҳаларда оқсоқлик кузатилаётгани, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурларининг ижроси қониқарсиз эканлигини айтиб ўтди.
Хусусан, саноат, тадбиркорлик учун қулай инфратузилма мавжуд. Афсуски, шаҳарда ишсизлик муҳим муаммолардан бирига айланди. Кўп қаватли уйлар қурилиши, қишлоқ хўжалиги ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Шаҳар ҳокимида ташаббускорлик, талабчанлик етишмади.Вилоят раҳбари ҳокимнинг юки оғир эканлигини таъкидлаб, бугунги кун раҳбарига шижоат, ғайрат ва ватанпарварлик кераклигини билдирди.
Сессияда ташкилий масала кўрилди. Зафаржон Қодирович Тўрақулов Қувасой шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
У 1974 йилда Бувайда туманида туғилган. Ҳозирга қадар АТБ "Универсалбанк" бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Маълумот ўрнида. 2020 йил 4 апрелдан буён Қувасой шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Равшан Раҳимжонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА