Тахмина Икромовага мамлакатимизда тенг келадигани йўқ
Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. Бир неча кун давом этган мусобақаларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган спортчилар ғолиблик учун беллашди.
Мусобақа натижаларига кўра, жамоавий ҳисобда пойтахт вакиллари устунлик қилди. Иккинчи ўрин Навоий вилояти жамоасига насиб этган бўлса, Самарқанд вилояти учинчи поғонадан жой олди.

Яккалик кўпкураш баҳсларида Тахмина Икромова олтин медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Лола Жўраева иккинчи, Наталья Усова эса учинчи ўринни эгаллади. Гуруҳ кўпкурашида эса терма жамоанинг биринчи таркиби ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни терма жамоанинг иккинчи таркиби эгаллаган бўлса, Бухоро вилояти жамоаси учинчи ўрин билан тақдирланди.

Яккалик дастурларининг ҳалқа машқларида Тахмина Икромова, Лола Жўраева, Наталья Усова кучли учликдан жой олган бўлса, тўп билан машқ бажаришда Тахмина Икромова тенгсиз эканини яна бир бор намойиш этди. Севинч Мўминова иккинчи, Элвина Бектемирова учинчи ўринни банд этди. Булаваларда Наталья Усова энг юқори натижани қайд этди. С.Мўминова ҳамда Элвина Бектемирова 2-3 поғоналардан ўрин олди. Тасма машқларида кутилганидек Т.Икромова, Наталья Усова ва Лола Жўраева ғолиб ва совриндорга айланди.
Гуруҳ машқларида ИБРОЎЗСМ 1 жамоаси ғалаба қозонди. Шунингдек, 3 та ҳалқа ва 2 жуфт булавалар дастурида Самарқанд вилоятининг биринчи жамоаси ғолиб деб топилди.
Мазкур чемпионат мамлакатимизда бадиий гимнастикани янада ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва халқаро мусобақалар олдидан терма жамоа таркибини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА