Тахмина Икромова жаҳон чемпионатида янги тарих яратишга тайёр
Тахмина Икромова Германиянинг Франкфурт шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионатининг яккалик дастурида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Жорий йил 12–16 август кунлари Германиянинг Франкфурт шаҳрида бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Дунёнинг турли мамлакатларидан 350 га яқин спортчи иштирок этадиган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ўз вакиллари билан қатнашади. “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига дастлабки лицензиялар учун муҳим босқич сифатида баҳоланаётган чемпионатда Тахмина Икромова юртимиз шарафини яккалик дастурида ҳимоя қилади.
Ўзбекистон бадиий гимнастикаси сўнгги йилларда халқаро майдонда ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Бунда Тахмина Икромованинг натижалари алоҳида ўрин тутади. 2004 йил 6 августда таваллуд топган спортчи беш ёшидан бадиий гимнастика билан шуғулланиб, ўсмирлар мусобақаларидан катталар ўртасидаги энг нуфузли турнирларгача бўлган мураккаб йўлни босиб ўтди.
Жумладан, Т.Икромова халқаро майдондаги дастлабки йирик натижаларига 2017 йилда эришди. У Остонада ўтказилган Осиё чемпионатида кўпкурашда кумуш, ҳалқа, тўп ва тасма дастурларида олтин медалларни қўлга киритди. 2019 йилги ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида эса кўпкурашда кумуш ва клублар дастурида олтин медални қўлга киритиб, улкан мақсадлар сари катта спортга қадам қўйди.

Гимнастикачимиз 2021 йилдан бошлаб катталар ўртасидаги халқаро мусобақаларда иштирокини бошлади. Тошкентдаги Осиё чемпионатида кўпкурашда кумуш, ҳалқада олтин, клублар ва тасмада машқ бажаришда кумуш медалларни қўлга киритди. Бу натижалар уни Осиё қитъасидаги етакчи гимнастикачилар қаторига олиб чиқди. 2022 йил спортчи фаолиятида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Пойтахтимизда ўтган Жаҳон кубогининг кўпкураш йўналишида олтин, ҳалқада ва булаваларда олтин ҳамда тасмада бронза медални қўлга киритган Тахмина Икромова Паттайядаги Осиё чемпионатида кўпкураш, ҳалқа, тўп ва булава дастурларида чемпион бўлди. Шунингдек, Ислом бирдамлиги ўйинларида олтин ва тўртта кумуш медалга эга чиқди. Жаҳон чемпионатида эса клублар дастурида финалга чиқиб, 4-ўринни эгаллади.
2023 йилда Тахминанинг натижалари янада юксалди. У Афина шаҳри мезбонлик қилган Жаҳон кубогида кумуш, Софияда бронза ва олтин, Тошкентдаги босқичда кумуш ва бронза, Бокуда икки бронза медални қўлга киритди. Маниладаги Осиё чемпионатида эса кўпкураш, жамоавий баҳс ва учта дастурда чемпионликни қўлга киритди. “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларида ҳам жамоавий ва яккалик баҳсларда икки олтин медалга сазовор бўлди. Жаҳон чемпионатида кўпкурашда 5-ўринни эгаллаши эса унинг жаҳон элитасига яқинлашганини кўрсатди.

2024 йил гимнастикачимиз учун Олимпиада йили сифатида тарихда қолди. У мавсум давомида бир қатор Жаҳон кубоги ва Гран-при мусобақаларида совриндорлар сафидан жой олди. Тошкентдаги Осиё чемпионатида учта олтин ва иккита кумуш, Жаҳон кубогида эса олтин ва кумуш медалларни қўлга киритди. Париж Олимпиадасида иштирок этиб, кўпкураш саралаш босқичида дунёнинг энг етакчи гимнастикачилари билан муносиб рақобатлашиб, ўз тажрибасини янада оширди.
2025 йилда ҳам мамлакатимизнинг энг кучли гимнастикачиси юқори натижаларини давом эттирди.
Жорий йил ҳам Тахмина Икромованинг халқаро майдондаги энг сермаҳсул мавсумларидан бирига айланмоқда. У йилни Марбельяда ўтган Гран-при босқичида кўпкурашда кумуш, тўп ва булавалар дастурларида мос равишда кумуш ва бронза, тасмада эса олтин медални қўлга киритган ҳолда бошлади. Тошкентдаги Жаҳон кубогида кўпкураш йўналишида бронза, ҳалқа ва тўп дастурларида олтин, булаваларда кумуш медалга сазовор бўлди. Бишкекда ўтказилган Осиё чемпионатида эса бешта йўналишда чемпион бўлди.
Клуж-Напока шаҳридаги Жаҳон челленж кубогида кўпкурашда бронза ва лентада кумуш медаль олган Т.Икромова Миландаги Жаҳон кубогида тўпда машқ бажариш дастурида бронза медалга сазовор бўлди. Шу тариқа Тахмина Икромова 2026 йилда ҳозирга қадар 7 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза жами 15 та медални қўлга киритди.

Мазкур натижалар Тахмина Икромованинг ҳозирги спорт формаси юқори эканини кўрсатмоқда. Ушбу муваффақиятлар Франкфуртдаги жаҳон чемпионати олдидан унга катта ишонч бағишлаши табиий.
Мазкур мусобақа Тахмина Икромова учун яна бир муҳим синов бўлади. Жаҳон чемпионатидаги натижа нафақат унинг бугунги спортдаги мавқеини белгилайди, балки “Лос-Анжелес-2028” Олимпиадаси сари йўлдаги мақсадларини амалга оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар юртимиз спортчиларининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга қаратилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА