Тахмина Икромова Осиёда тенгсиз
Бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатини муваффақиятли якунлади. Мусобақанинг сўнгги кунида ҳамюртларимиз 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Катталар ўртасидаги беллашувларда Тахмина Икромова ҳалқа, тўп, тасма ва булава машқларида тенгсиз эканини намоён этиб, 4 та олтин медалга сазовор бўлди. Ёшлар баҳсларида эса Анора Мамажонова булава дастурида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Шунингдек, Наталья Усова тасма машқида кумуш, булава машқида бронза медалини қўлга киритган бўлса, Ясмина Зуфарова ёшлар ўртасидаги тасма дастурида кумуш медалга эга чиқди.


Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси бадиий гимнастика бўйича қитъа биринчилигини жами 16 та медаль — 12 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА