Айни пайтда мактаб ўқувчилари қишки таътилда. Уларнинг таътилни мазмунли ўтказиши учун эса ҳудудларда бир қатор кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туман ҳокимлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Ёшлар туризм ҳафталиги” доирасида Яккабоғ туманининг умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган 120 нафар ўқувчи Шаҳрисабз шаҳридаги диққатга сазовор жойларга ташриф буюриб, маданий ҳордиқ олишди.


Дастлаб “Шаҳрисабз” давлат музейи қўриқхонаси директори Наби Хушвақтов кузатуви остида “Кўк гумбаз” масжиди, Дорут-Тиловат ёдгорлик мажмуаси, Дорус-Саодат, Шамсиддин кулол, Гумбази-Сайидон мақбаралари каби тарихий обидалар билан танишилди.
Шундан сўнг Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини кенг маънода ёритиб берувчи музейга саёҳат қилинди. Музей экспонатлари ўқувчи- ёшларда катта таассурот қолдирди.


Айниқса, XIV охири ва XV аср бошларида буюк Соҳибқирон томонидан қурдирилган Оқсарой меъморий обидаси ҳамда уни томоша қилиш учун ташриф буюрган чет эллик меҳмонлар билан бўлган самимий суҳбатлар ўқувчиларда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Ҳафталик доирасида яна юз нафар яккабоғлик ёшнинг ер юзи сайқали дея эътироф этилган Самарқанд шаҳрига саёҳатини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.


Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири