Давлатимиз раҳбари ҳар гал Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан зарур топшириқлар беради. Ўтган бир йилга яқин вақт мобайнида вилоятда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, янги қувватларни ишга туширишни кўзда тутувчи кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилди.
Жумладан, бошқа соҳалар қатори пахта-тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш, етиштирилаётган пахта хомашёсини шу ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаш орқали экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бу орқали аҳолини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакат раҳбарининг ушбу йўналишда берган топшириқлари асосида биргина ўтган йилнинг ўзида инвестиция дастурлари доирасида вилоятда умумий қиймати 3 триллион 900 миллиард сўмлик 853 та ҳудудий ҳамда 157 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига 6 та йирик лойиҳа ишга туширилди. Натижада 7 минг 540 та янги иш ўрни ташкил этилиб, 75 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилди.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда вилоятда етиштирилган пахтани ҳудуднинг ўзида қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолатига келтириш, бу жараённи қамраб олувчи текстиль корхоналарини ташкил этиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
[gallery-6740]
Масалан, 2021 йилда вилоянинг Қарши тумани Кат маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Янгибоғ маҳалласида фаолият бошлаган “KHILAL TEX” LLC экспортбоп ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқариб, экспорт қилмоқда. Лойиҳа ташаббускорлари умумий қиймати 172,8 миллиард сўмлик мазкур лойиҳани амалиётга татбиқ этиш учун Қишлоқ қурилиш банкидан 121,3 миллиард сўм ва ўз маблағлари ҳисобидан 51,5 миллиард сўм маблағ сарфлаган. Ушбу маблағ эвазига хориждан замонавий ип йигирув дастгоҳлари келтирилган. Таъкидлаш лозимки, “KHILAL TEX” корхонаси тўла қувват билан ишлай бошлагач йилига 4 минг 550 тонна ип-калава ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. Корхонада 280 та янги иш ўрни яратилди. Муҳими ишчи-хизматчиларнинг аксарияти ҳудуддаги “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” га киритилган фуқаролардир.
Ўтган йилнинг ўзида Қарши туманида яна бир пахта-тўқимачилик корхонаси “Қарши Агро кластер” МЧЖга қарашли “Ийман текстил” масъулияти чекланган жамияти ҳам иш бошлади. Қарши тумани пахта хомашёсини етиштириш салоҳияти бўйича вилоятда энг етакчи туманлардан бири саналади. Туманда йилига 49,9 минг тонна пахта етиштирилиб, вилоят бўйича йиғиб олинадиган пахта хомашёсининг 11,5 фоизи ташкил этади. Ушбу тикувчилик фабрикаси қурилишига тадбиркор томонидан 12,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Йилига 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга мажмуада туманнинг 360 нафардан зиёд хотин-қизлари доимий иш ўрни билан таъминланди ва уларнинг аксариятини “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ташкил этади.
– Лойиҳамиз 4 босқичли бўлиб, дастлаб тикувчилик цехини ишга туширдик. 2023 йигача ип йигирув, тўқув ва ёғ ишлаб чиқариш цехлари ҳам ташкил этилади, – дейди корхона раҳбари Санжар Каролов. – Тўлиқ амалга оширилгач 2 мингтадан зиёд янги иш ўрни яратилади. Ушбу тикувчилик цехимизда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Келгусида ўзимизда етиштирилган пахта хомашёсини тўлиқ қайта ишлашни режалаштирганмиз. Мақсад ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни тўлиқ экспортга йўналтириш.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда “Қарши Агро кластер” МЧЖ кластер корхонасига Қарши туманидан 7 минг гектар ер бириктирилган ва мана шу ерларда ишлаётган фермер хўжаликлари билан пахта етиштириш бўйича шартномалар тузилган. Бундан ташқари, туманда фаолият юритаётган 3 та пахта-тўқимачилик кластер корхоналари томонидан жорий йил якунига қадар қиймати 839,3 миллиард сўмлик 9 та енгил саноат йўналишидаги йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилиб, юзлаб янги иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда
Таҳлилларга кўра, вилоятда етиштириладиган 400 минг тонна пахта хомашёсидан 136 минг тонна тола ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Ўтган йилларда вилоятда етиштирилган пахта хомашёсининг 53 фоизи ёки 72,6 минг тоннаси қайта ишланган бўлса, бу кўрсатгич 2022 йил якуни билан 100 фоизга етказилади. Шу боис мамлакат раҳбари томонидан яратиб берилаётган имкониятлар натижасида вилоятда фаолият кўрсатаётган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2021-2022 йилларда қиймати 5,2 триллион сўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Мана шундай муҳим лойиҳалардан бири Косон туманидаги “Koson Baxt Tekstil” масъулияти чекланган жамияти томонидан қуриб битказилган ва фойдаланишга топширилган тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасидир.
– Лойиҳа қиймати жами 35 миллиард сўм бўлиб, йилига 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Йилига 7,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган, – дейди корхона раҳбари Шавкат Шарипов. – Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан Россия, Украина, Чехия ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинади. Фабрикамизга 338 дона Япониянинг “Juki” компанияси тикув машиналари ва бошқа асбоб-ускуналар келтирилиб ўрнатилган. Мазкур лойиҳани амал ошириш орқали ҳудуддаги 500 нафарга яқин ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Қарши шаҳридаги “Sulton Tex Group” МЧЖ ҳам пахта-тўқимачилик йўналишида йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. Жумладан яқиндагина корхона вакиллари аралаш ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасининг иккинчи босқичини ишга туширди. Маълумки, 2017 йил декабрь ойида 17 миллион доллар инвестиция маблағларини ўзлаштириш ҳисобига йилига 7 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳасининг дастлабки биринчи босқичи иш бошлаган эди. Иккинчи босқичда Қарши шаҳрининг “Ғафур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилиш ва монтаж ишлари олиб борилди. Ушбу босқичда корхонада қиймати 19 миллион доллар бўлган инвестиция маблағлари ўзлаштирилади. Қўшимча 8,7 минг тонна аралаш ип-калава ишлаб чиқариш имкони яратилиб, корхонанинг ип-калава қуввати 15,7 минг тоннага етказилади. Қўшимча 350 та янги иш ўрни яратилиб, корхонада доимий иш билан таъминланганларнинг сони 600 нафарга етади.
Корхона раҳбари Нурбек Эргашевнинг таъкидлашича, қўшимча қувватнинг ишга тушиши билан корхонанинг экспорт салоҳияти ҳам сезиларли даражада ошади. Йилида ўртача 20 миллион долларлик маҳсулот хорижлик ҳамкорларга етказилади. Айни кунда дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Россия, Хитой, Миср давлатлари билан шартномалар тузилган.
Маълумот ўрнида “Sulton Tex Group” МЧЖ 2011 йилдан буён фаолият юритмоқда. Корхона кўп тармоқли фаолият билан шуғулланиб, дастлаб савдо-сотиқ, мебел ишлаб чиқариш ва бошқа фаолиятлар билан тадбиркорлик қилган бўлса, 2017 йилдан бўён пахта-тўқимачилик кластери сифатида самарали ишламоқда.
Буларнинг барчаси Президентимиз томонидан аҳоли фаровонлигини яхшилаш, мамлакат иқтисодиёти ривожи ва барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалдаги самараларидир.
Давлатимиз раҳбарининг 21-22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига ташриф давомида ҳам ҳудудда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат корхоналари ва ижтимоий соҳа объектлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш, вилоятни ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш бўйича янги вазифаларни белгилаш режалаштирилган.
Ўлмас Баротов,
ЎзА. Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.