2027 йил — Қашқадарёни ривожлантириш йили
Юртбошимизнинг ҳудудларга ташрифлари шунчаки ишчи ташриф ёки ўрганиш эмас, балки ҳар бир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий тақдирини мутлақо янги босқичга олиб чиқувчи стратег қарорлар ва амалий натижаларнинг бош омилидир. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб бериладиган устувор вазифалар мамлакат тараққиётининг драйверига айланиб, ҳар бир ҳудуднинг яширин имкониятларини пўлатдай мустаҳкам иқтисодий кучга айлантирмоқда.
Қашқадарё — ўзининг боқий тарихи, бой табиий ресурслари, меҳнаткаш эли ва бепоён саховатли замини билан мамлакатимизнинг энг йирик ва муҳим вилоятларидан бири. Сўнгги беш йилда бу воҳага 20 триллион сўм маблағ йўналтирилиб, 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилингани, аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошгани вилоятнинг улкан салоҳиятидан оқилона фойдаланилаётганининг яққол исботидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 21 октябрь куни Қашқадарёга навбатдаги ташрифи воҳа тараққиётига яна бир кучли суръат ва янги нафас бағишлади.
Ташрифнинг илк манзили — “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Sulton Tex Group” тўқимачилик кластерининг янги фабрикаси бўлди. Қиймати 54 миллион долларлик ушбу лойиҳа йилига 20 минг тонна мато тайёрлаш қувватига эга бўлиб, 840 та янги иш ўрни яратди. Бу ерда экология ва ресурслар тежамкорлигига алоҳида урғу берилган: 3 миллион долларлик ёпиқ сув айланиши тизими сувнинг 95 фоизини қайта тозалаб, йилига 1,1 миллион куб метр сувни тежайди. 3,5 мегаваттли қуёш панеллари ва газ генераторлари эса ишлаб чиқариш таннархини кескин пасайтиради.
Президентимиз корхона ходимаси Дилором Холиёрова билан самимий мулоқотда бўлиб: “Инсон меҳнат қилса, албатта, натижаси ҳам бошқача бўлади. Мана шу янги авлод тадбиркорларимиз билан ҳозир мутлақо бошқа даражага чиқяпмиз, улар нафақат қўшимча қиймат занжири яратяпти, балки “яшил” технологиялар билан экологияга ғамхўрлигини ҳам намоён этмоқда”, — дея алоҳида таъкидлади. Кластер томонидан келгусида яна 70 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, 3,5 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Саноат ва юқори технологияларни ривожлантириш омили сифатида Қарши шаҳридаги Хитойнинг “Jiangsu World Group” корпорациясига кирувчи “FM World” корхонаси ҳам диққатга сазовордир. 20 миллион долларлик хорижий сармоя эвазига барпо этилган мажмуада “Nasaf” бренди остида GPS, автопилот ва масофадан бошқариш тизимларига эга замонавий тракторлар ҳамда пахта териш машиналари йиғилмоқда. Маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етказилиб, 138 турдаги деталь шу ернинг ўзида тайёрланмоқда. Юртбошимиз бу борада тўхталиб: “Шу пайтгача қишлоқ хўжалиги техникаларини хориждан олиб келардик. Бу эса таннархга таъсир қиларди. Қашқадарёда фермерларимизнинг ишини енгиллаштирадиган замонавий техникаларнинг ўзимизда, ўзимизнинг брендимиз остида ишлаб чиқарилиши бир пайтлар орзу эди. Маҳаллийлаштириш – қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларимизнинг узвий давоми”, — деди.
Ташрифнинг энг тарихий дақиқалари умумий қиймати 6 миллиард доллардан зиёд бўлган 161 та янги лойиҳани ишга тушириш ва қурилишига старт бериш маросимида содир бўлди. Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, 69 та лойиҳани ишга туширди ҳамда 92 тасининг қурилишини бошлаб берди. Бу лойиҳалар доирасида Италиянинг “Cotonella” бренди, АҚШ сармоясидаги “Wosune Food Ingredients Karshi” корхонаси, Миср ва Покистон инвесторларининг агролойиҳалари, Оқсув дарёсидаги ГЭСлар, чиқиндидан энергия олувчи завод ва Шаҳрисабздаги 300 миллион долларлик тоғ-чанғи курорти сингари улкан қувватлар барпо этилади. Давлатимиз раҳбарининг “2027 йил Қашқадарёни замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлади” деган даъваткор сўзлари воҳанинг яқин келажакдаги муҳташам қиёфасини белгилаб берди.
Аграр соҳа ва экологияда ҳам туб бурилишлар амалга оширилмоқда. Ғузор туманидаги “Қашқадарё Жингу” агрокластери майдонларида Хитойнинг Шинжон усулида плёнка остига экиб, томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Илгари қаровсиз бўлган чўлларда 128 миллион доллар сармоя билан 18,3 минг гектар майдон ўзлаштирилиб, ҳосилдорлик гектарига 55-70 центнергача етказилмоқда. Шунингдек, Ғузорда “3-30-300” тамойили асосида 65 гектар майдонда кўчатчилик маркази ташкил этилиб, йилига 5 миллион донагача кўчат етиштириш ва аҳоли билан кооперация асосида оилаларга даромад келтириш тизими йўлга қўйилди.
Инсон қадри ва ёшлар келажаги ислоҳотларнинг бош мезони бўлиб қолмоқда. Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва “Касблар шаҳарчаси”да ёшлар халқаро андозалар асосида ўқитилиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юборилмоқда. Ёшлар билан суҳбатда Президентимиз: “Билим ва ҳунарни пухта эгалласангиз, қаерда бўлманг, ўз ўрнингизни топасизлар... Жонажон Ватанимиз, Қашқадарё воҳасининг келажаги сизларнинг қўлингизда”, — дея меҳр билдирди.
Қамаши туманидаги Чим маҳалласида эса 55 миллиард сўм эвазига инфратузилма янгиланиб, боғча, мактаб, кутубхона, истироҳат боғи ҳамда гиламчилик ва иссиқхоначилик кооперациялари барпо этилди. Кутубхонада китобхон ёшлар билан самимий мулоқотда Давлатимиз раҳбари Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ҳалима Худойбердиева каби буюк ижодкорлар руҳини ёдга олиб, миллий ўзлигимиз ва адабиётимизга бўлган эҳтиром юксалаётганини таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга бу галги ташрифи шунчаки янги корхоналар очилиши ёки рақамлар ҳисоботи эмас, балки инсон манфаати ва Ватан тараққиётига хизмат қилувчи буюк бунёдкорликнинг амалий ифодаси бўлди. Чўлларни бўстонга, маҳаллаларни обод манзилларга, ёшларни эса замон талабига жавоб берадиган касб эгаларига айлантираётган бу ислоҳотлар воҳа аҳлининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Шаҳрисабзнинг муаззам тоғларидан тортиб, Ғузорнинг бепоён далаларигача, Қаршининг замонавий фабрикаларидан Чим маҳалласининг обод хонадонларигача бугун ягона бир ҳақиқат янграмоқда: Қашқадарё янгича тафаккур, юқори технологиялар ва юксак фаровонлик сари ишонч билан одимламоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида бўй кўрсатаётган буюк ислоҳотларнинг ғалабасидир!
Алоуддин Ғаффоров,
ЎзА