Хорижда бўлиб турган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 2020 – 2024 йиллар мобайнида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 1 миллион 729 мингга яқин консуллик-ҳуқуқий хизматлар кўрсатилган.
Жумладан, ҳужжатсиз қолган фуқароларга 182 минг 110 та Ватанга қайтиш гувоҳномаси, 99 минг 939 та паспорт расмийлаштирилган. 335 минг 180 та ҳолатда консуллик рўйхатига олиш, доимий яшаш учун рухсатнома бериш, судланмаганлик ҳақида маълумотнома тақдим этиш ва бошқа хизматлар кўрсатилган.

Бундан ташқари, хориждаги 20 минг 385 нафар фуқарони иш билан таъминлашга кўмаклашилган, 10 минг 493 фуқарога 4 миллион 66 минг АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи тўлаш таъминланган. Шунингдек, одам савдосидан жабрланган 295 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилиб, улар Ватанга қайтарилган.
Ушбу рақамлар Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда “Хорижий мамлакатларда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида” парламент сўровига берилган ташқи ишлар вазири Б.Саидовнинг жавоби муҳокама қилинди.

Вазир жавобига кўра, хорижда вақтинчалик ёки доимий истиқомат қилаётган фуқароларимиз учун 15 турдаги консуллик хизматлари тўлиқ рақамлаштирилган. 8 та дастурий тизим Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган.
М.Комилова, ЎзА