Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукнда Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Ўмон: Ўзбекистоннинг Султонликдаги элчиси Абдусалом Ҳотамов кўчмас мулк соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларни бирлаштирувчи “Oman Real Estate Association” раҳбари Ҳасан Руғайший билан учрашди. Мулоқот давомида мавжуд ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболли йўналишларни белгилаш масалалари муҳокама қилинди.

Япония: Кун чиқар юрт Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлаш мақсадида учрашув ташкил қилинди. Мулоқот чоғи савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш ҳамда юқори даражадаги келишувлар ижросини таъминлаш зарурлиги ўзаро маъқулланди.

Хорватия: Миграция агентлиги директори Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг ушбу давлатга ташрифи доирасида маҳаллий иш берувчилар билан музокара ўтказилди. Учрашувда қурилиш, пайвандчилик ва транспорт соҳаларида ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жалб қилиш, туризм, тиббиёт ва хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мавзулари кўтарилди. Хорватияда қурилиш соҳасида бошланғич иш ҳақи 1 300-1 400 еврони ташкил этиши маълум қилинди.

Италия: Жорий йил 14-16 октябрь кунлари Италияда бўлиб ўтган “TTG Travel Experience-2026” халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон миллий стенд билан иштирок этди. Тадбирда мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ва халқаро туризм бозоридаги имконияти намойиш этилди.

Германия: Элчи Дилшод Аҳатов ГФР Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат федерал вазирлиги парламент давлат котиби Мартина Энглхардт-Копф билан учрашди. Мулоқотда агросаноатни модернизация қилиш, замонавий технология жорий этиш, чорвачиликни ривожлантириш ҳамда инвестициявий ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Беларусь: Андижон вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорлари ташаббуси билан Беларуснинг Витебск вилояти Городок туманида гўшт етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган замонавий чорвачилик мажмуаси қурилади. Лойиҳа 4 000 бош қорамол боқишга мўлжалланган.
Фардона Яхшибоева, ЎзА