Янги давр олий дипломатияси
Давлатлар ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш – ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши. ЎзА ушбу рукн орқали ҳафта давомида ўтказилган олий даражадаги дипломатик мулоқотлар тафсилотини тақдим этади.

Ўзбекистон – Словения
Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқлим саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Словения Президенти Наташа Пирц Мусар билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт, фармацевтика, шаҳарсозлик ва муҳим минерал ресурслар соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, маданий ва туристик алмашинувни кенгайтириш ҳамда Европа Иттифоқи доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.

КХШТ – Халқаро ва минтақавий хавфсизлик
Москва шаҳрида бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) кенгашининг навбатдаги йиғилишида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда КХШТ Бош котиби Талатбек Масодиқов иштирок этди. Йиғилишда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик натижаси, 2026 йил амалга оширилган ишлар ва келгуси устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро ва минтақавий хавфсизлик, терроризм ва гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига қарши курашиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Туркия – Эрон
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Анталия шаҳрида ўтаётган COP31 иқлим саммити доирасида учрашув ўтказди. Учрашувда икки томонлама муносабат, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди. Эрдоған Эрон ва АҚШ ўртасидаги урушни зудлик билан тўхтатиш, барқарорликка эришиш йўлида дипломатик саъй-ҳаракатга имконият бериш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, минтақадаги қардош давлатлар билан бирга тинчликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

Ўзбекистон – Финляндия
Анталия шаҳрида COP31 доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финляндия Президенти Александр Стубб билан учрашди. Музокарада ўтган йил Финляндия етакчисининг юртимизга расмий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш, савдо-иқтисодий алоқани кенгайтириш ҳамда металлургия, энергетика ва геология соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, 2027 йил бошида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форум ўтказишга келишиб олинди. Томонлар долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Фардона Яхшибоева, ЎзА