Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Буюк Британия. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида "Meros Pharm" ва "Specialist Language Courses" (Буюк Британия) ўртасида Самарқанд шаҳрида тиббиёт ходимлари учун инглиз тили марказини ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.
Мазкур лойиҳа доирасида тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларни халқаро стандартлар асосида инглиз тилига ўқитиш, уларнинг касбий мулоқот кўникмаларини ривожлантириш ҳамда хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

БАА. Ушбу давлат билан банк-молия соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Абу-Дабидаги элчихонамиз томонидан “Abu Dhabi Commercial Bank” (ADCB) раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди.
Ўзаро мулоқот давомида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо операцияларини молиялаштириш ҳамда хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар банк хизматлари соҳасида замонавий тажриба алмашишни йўлга қўйиш ва соҳавий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришдилар.

Ўмон. Маскатдаги дипломатимиз Абдусалом Хатамов Жазоирнинг Ўмон Султонлигидаги элчиси Муҳаммад Боугази билан учрашув ўтказди.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатларга дахлдор бўлган қатор муҳим масалалар юзасидан конструктив фикр алмашдилар.

Польша. Ўлкамизнинг Варшавадаги элчихонаси кўмагида ушбу мамлакатнинг “Makarony Babuni” компанияси вакилларининг Ўзбекистонга бизнес миссияси ташкил этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, хорижлик инвесторлар “Makro” ва “Havas” савдо тармоқлари ва бошқа тадбиркорлик доиралари вакиллари билан B2G ва B2B шаклларида истиқболли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Испания. Мазкур давлатдаги элчихонамиз кўмагида Мадрид шаҳрида Ўзбекистон - Испания олий таълим муассасалари ректорларининг форуми ташкил этилди.
Тадбир давомида икки мамлакат ўртасида академик ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, талабалар алмашинувини фаоллаштириш ҳамда истиқболли илмий лойиҳаларни биргаликда ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Форум якунида олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳамкорлик битимлари ва тегишли келишувлар имзоланди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА