Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихона ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

Польша: Ўзбекистоннинг Польшадаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев томонидан Польшадаги элчихонада “LeasingTeam Group” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди. Учрашувда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик, фуқароларимиз учун мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда ўзаро алоқани янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Баҳрайн: “Kanoo Group” компанияси раиси Мишал Кану билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва “Kanoo Group” ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги истиқболли йўналишларда шерикликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистон: Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ҳамда Буюк Британиянинг “United Green Group” компанияси инвестиция бўйича директори Албрехт Фришеншлагер ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда замонавий интеграциялашган чорвачилик кластерини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.

Япония: Токио шаҳрида “Япония – Ўзбекистон” ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Япония вазирлик ва идоралари, жамоат ташкилотлари, илмий ва ишбилармон доиралар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Японияда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди. Йиғилишда Ўзбекистоннинг туризм ва инвестиция салоҳиятини тарғиб этиш, маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, 1998 йилда ташкил этилган “Япония – Ўзбекистон” ассоциацияси бугунги кунда Японияда халқ дипломатиясини ривожлантиришга хизмат қилаётган етакчи дўстлик ташкилотларидан бири бўлиб, 300 га яқин сиёсат, бизнес, фан ва маданият вакилларини бирлаштиради.

Венгрия: Корея Республикасининг Венгриядаги Элчиси Чул Мин Паркнинг таклифига биноан Ўзбекистоннинг Будапештдаги Элчиси Ойбек Шахавдинов Ҳиндистон, Индонезия, Филиппин, Таиланд ва Вьетнам дипломатик ваколатхонаси раҳбарлари билан биргаликда тушликда иштирок этди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА