Ташқи дипломатия
ЎзА ушбу рукн орқали Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик марказлари фаолияти билан яқиндан таништириш, элчилар томонидан иқтисодий дипломатияни юксалтириш йўлида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишда давом этади.

БАА. Ўзбекистоннинг Абу-Дабидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Умид Шодиев Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Ал-Мазруий билан учрашув ўтказди.
Ўзаро мулоқотда юртимизда БАА компаниялари иштирокида амалга оширилаётган энергетика ва инфратузилма лойиҳалари, шунингдек, истиқболли ташаббуслар муҳокама қилинди. Томонлар икки давлат ўртасида энергетика, транспорт ва инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш ҳамда инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Буюк Британия. Яқинда Лондон шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон таълим форумида ўлкамиз делегацияси муносиб иштирок этди. Бирлашган Қиролликдаги элчихонамиз маълумотига кўра, ушбу нуфузли форумда таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик, инновацион ёндашувлар ва замонавий таълим тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.

Германия. Мамлакатимизнинг Берлиндаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Дилшод Ахатов ГФР Иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги парламент давлат котиби Штефан Роуэнхофф билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида томонлар қайта тикланувчи энергия, сувни тежовчи технологиялар, иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳамда дуал касбий таълим йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Малайзия. Куала-Лумпурдаги элчихонамиз ҳамкорлигида Малайзиянинг “Syabab Trading Sdn Bhd” ва “Mufaz Group Sdn Bhd” компаниялари делегациясининг мамлакатимизга ташрифи амалга оширилди.
Ташриф доирасида меҳмонлар республикамизнинг экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари салоҳияти билан танишиб, маҳаллий экспортчи корхоналар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўймоқда. Шунингдек, меҳмонлар ўзбек гилоси, ўрик, анор ва қовун маҳсулотларини импорт қилишга қизиқиш билдирмоқда.

Польша. Варшавадаги дипломатимиз Амирсаид Аъзамхўжаев Польша Миллий савдо палатаси раҳбари Анджей Арендарски билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Фардона Яхшибоева, ЎзА