Олмонлар нега Мерцдан норози? (+видео)
Германия аҳолисининг 88 фоизи Федерал Канцлер Фридрих Мерц фаолиятидан қониқмаяпти. Сўровномада қатнашганларнинг атиги 11 фоизи унинг ишини ижобий баҳолаган. Ҳатто ўз партияси тарафдорлари орасида ҳам етакчидан норозилар кўпчиликни ташкил қилмоқда, деб ёзган “Euronews”.
Ҳозирги сиёсий вазиятга қаршилар улуши ўтган ҳафтага нисбатан яна ошган. Бу Мерц учун рекорд даражадаги паст кўрсаткич ҳисобланади.
Маълумотга кўра, ГФРнинг иқтисодий ҳолати аҳоли сиёсий қарашига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Энергия нархи юқорилиги, пенсия масаласи ва молиявий ислоҳот ҳукумат учун жиддий муаммога айланган.
Сўралганларнинг 64 фоизи яқин йилларда иқтисодий вазият янада ёмонлашишини тахмин қилган. Атиги 17 фоиз одам аҳвол яхшиланишига ишонади. Шунча одам ҳозирги аҳвол ўзгармайди, деб ҳисоблайди.
Ҳукумат электр энергияси божини камайтириш режасини тузган. Афсуски, бу чора ҳам аксар аҳолини қониқтирмаяпти. Таҳлилда қатнашганларнинг 59 фоизи ток солиғини вақтинча эмас, доимий равишда камайтириш тарафдори.
Одамлар сиёсий партияларга ҳам ишонмаяпти
Сўровноманинг яна бир муҳим натижаси шундаки, Германия аҳолисининг 57 фоизи муаммоларни бошқалардан яхшироқ ҳал қила оладиган бирор партия борлигига ишонмаслигини билдирган. Демак, мамлакатда сиёсий партияга нисбатан ишонч пасайиб боряпти.
Мерцни партиядошлари ҳам танқид қиляпти
Фридрих Мерц учун асосий муаммо – норозилик ўз тарафдорлари орасида ҳам кучайганида. Бу овоз Канцлер учун жиддий огоҳлантириш сифатида янграяпти. Мухолифат танқиди табиий ҳол, аммо тарафдорлар орасида ҳам ишонч пасайиши Мерцнинг ислоҳот амалга оширишини янада қийинлаштириши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА