Тарихий хотирадан янги илмий кашфиётларгача
Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиш, миллий давлатчилигимиз тараққиётининг муҳим босқичларини холисона ёритиш, тарихий манбаларни илмий муомалага киритиш ва ҳали тадқиқ этилмаган саҳифаларни кашф қилишда илмий нашрларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, тарихий ҳужжатлар, қўлёзмалар ва археологик топилмалар асосида олиб борилаётган тадқиқотлар ўтмишимиз ҳақидаги тасаввурларимизни бойитиб, миллий тарихимизнинг жаҳон цивилизациясидаги ўрнини янада теран англашга хизмат қилади.
Ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган «Ўзбекистон тарихи» илмий журнали 2026 йилги иккинчи сонини нашрдан чиқарди. Навбатдаги сондан Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, давлат бошқаруви ва иқтисодий муносабатлар, хотин-қизларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётдаги ўрни, хорижий ёзма манбалар таҳлили ҳамда археологик изланишларга бағишланган мақолалар ўрин олган.
Журналнинг янги сони, унда эълон қилинган илмий янгиликлар ва келгуси режалар ҳақида «Ўзбекистон тарихи» журнали бош муҳаррири ўринбосари, тарих фанлари доктори, таниқли олима Дилноза Жамолова билан суҳбатлашдик.

—Журналнинг 2026 йилги иккинчи сони ўқувчиларга қандай янгиликларни тақдим этмоқда?
— Журналимизнинг янги сони мазмунан бойлиги, илмий янгиликларга ҳамда тарихий манбалар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилгани билан аҳамиятли. Унда тарихимизнинг турли даврларига оид тадқиқотлар билан бир қаторда, Амир Темур ва темурийлар даврини янги ҳужжатлар, муқоясавий таҳлиллар ва илмий ёндашувлар асосида ўрганишга бағишланган мақолалар ҳам салмоқли ўрин эгаллаган.
Журналнинг ушбу нашри ҳам анъанавий равишда расмий рукн билан бошланади. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда «Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларига йўлланган табрик ўрин олган.
Ушбу ҳужжатлар Амир Темур ва темурийлар меросини чуқур ўрганиш, унинг миллий ва жаҳон тарихидаги ўрнини англаш, тарихий хотирани асраб-авайлаш борасидаги устувор вазифаларни тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.

– Ушбу сондаги илмий янгиликлардан бири Гавҳаршодбегим вақфномасига бағишланган мақола экан. Бу тадқиқотнинг аҳамияти нимада?
– Тарих институти илмий котиби Одил Зариповнинг «Гавҳаршодбегим вақфномаси – темурийлар даври иқтисодий тарихини ўрганишда муҳим манба» мақоласи соннинг муҳим илмий материалларидан биридир.
Мақолада Амир Темурнинг келини Гавҳаршодбегим томонидан 1426 йилда тузилган вақф ёрлиғи янги қўлёзма нусхаси асосида атрофлича таҳлил қилинган. Ушбу ҳужжат темурийлар даври иқтисодий муносабатларини ўрганишда муҳим манба сифатида илмий таҳлилга тортилган.
Тадқиқотда вақфнома маълумотларининг сулоланинг хўжалик сиёсати, ер-сув муносабатлари, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ тараққиётини ўрганишдаги аҳамияти асослаб берилган.
Бундай манбаларнинг илмий муомалага киритилиши тарихий воқеликни фақат сиёсий жараёнлар орқали эмас, балки жамиятнинг иқтисодий ҳаёти, мулкий муносабатлари ва ижтимоий тузилиши нуқтаи назаридан ҳам англаш имконини беради.
—Темурийлар даври билан боғлиқ яна бир мақола Буюк бобурийлар салтанатидаги туронлик ҳарбийларга бағишланган. Унда қандай масалалар ёритилган?
– Карачи бизнес бошқаруви институти кичик профессори Али Жиброн Сиддиқийнинг (Покистон) «Бобурийлар салтанати меҳнат бозорида туронлик ҳарбийлар ўрни» мақоласида XVI–XVII асрларда Турондан Буюк бобурийлар салтанатига кўчиб борган ҳарбийларнинг мавқеи ва фаолияти таҳлил қилинган.
Муаллиф уларнинг ҳарбий маҳорати, келиб чиқиши ва касбий салоҳиятини иқтисодий ҳамда ижтимоий устунликка айлантириш механизмларига эътибор қаратади. Хусусан, туронлик ҳарбийларнинг моҳир отлиқ камонбозлар сифатидаги нуфузи, саройдаги ҳомийлик муносабатлари, мансабдорлик фаолияти ва қўлга киритган имтиёзлари ёритилган.
Тадқиқотда бобурийлар салтанатида туронлик ҳарбий истеъдодларга бўлган талабнинг ортиши улар мансуб жамоаларда жанговар ўзлик ва касбий бирликнинг шаклланишига таъсир кўрсатгани ҳақидаги хулосалар илгари сурилади.
Мақоланинг аҳамияти шундаки, у минтақалар ўртасидаги алоқаларни фақат сиёсий муносабатлар доирасида эмас, балки меҳнат бозори, ҳарбий хизмат, ижтимоий мавқе ва ҳомийлик тизими орқали ҳам ўрганиш имконини беради.
— Журналнинг «Ҳужжатлар тилга кирганда» рукни ҳам доимий равишда тадқиқотчилар эътиборини тортади. Бу галги сонда қандай тарихий ҳужжатлар тақдим этилган?
— Ушбу рукннинг асосий мақсади тарихий ҳужжатларни кенг илмий жамоатчиликка танитиш, уларнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш ва манбашунослик тадқиқотларини рағбатлантиришдан иборат.
Янги сонда Амир Темур ва темурийлар даври бошқарув тизимига оид ҳужжатлар ҳамда девонхонада тузилган қонунчилик ҳужжатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тарих институтининг «Тарихшунослик, архившунослик ва ҳужжатшунослик» маркази бошлиғи, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жуманиёз Сангировнинг «Темурийлар даври бошқарув тизими тарихий ҳужжатларда» мақоласида қарийб 20 та «Иншо» ва «Муншаот» тўпламида сақланаётган, илгари илмий муомалага киритилмаган ҳужжатлар таҳлил қилинган.
Ушбу ҳужжатлар асосида темурийлар давлатидаги диний-ҳуқуқий бошқарув тизими, садр девони фаолияти, олий диний мансабларга тайинлаш тартиби, шунингдек, нақиблик институтининг вазифа ва ваколатлари ёритилган.
Бу материаллар темурийлар даври давлатчилик тизими ва диний бошқаруви тарихини янги ҳужжатли манбалар асосида бойитиш, айрим масалаларга аниқлик киритиш имконини беради.
— Темурийлар даврида хотин-қизларнинг адабий ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳақидаги мақола ҳам диққатга сазовор. Унда қандай тарихий маълумотлар келтирилган?
— Тарих институти катта илмий ходими Фарида Султонованинг «Темурийлар даври шоира хотин-қизлари» мақоласида мазкур даврда яшаб ижод қилган аёлларнинг адабий ва ижтимоий фаолияти тазкиралар асосида таҳлил қилинган.
Муаллиф Гавҳаршодбегимнинг ҳомийлиги, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг илм-фан ҳамда адабиётга эътибори туфайли шаклланган ижодий муҳитда хотин-қизларнинг тутган ўрнини ёритган.
Мақолада шоираларнинг турли ижтимоий табақалардан етишиб чиққани, улар орасида адабиёт билан бир қаторда астрономия, меъморчилик ва ҳомийлик фаолияти билан шуғулланган аёллар ҳам бўлгани ҳақида маълумотлар келтирилган.
Бу каби тадқиқотлар темурийлар даври маданияти ва маънавий ҳаётини янада кенгроқ тасаввур қилиш, аёлларнинг илм-фан, адабиёт ва жамоат ҳаётидаги фаоллигини тарихий далиллар асосида баҳолаш имконини беради.
— Журналда ёзма манбалар билан бир қаторда археологик изланишлар натижалари ҳам ёритилган. Бу йилги экспедициялар қандай натижалар берди?
— Тарих институти жамоаси нафақат ёзма манбаларни топиш, ўрганиш ва таҳлил қилиш, балки археологик тадқиқотларни амалга ошириш орқали ҳам халқимиз тарихининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган саҳифаларини ёритишга ҳисса қўшмоқда.
Журналнинг ушбу сонида Тарих институти «Қадимги давр тарихи» бўлими бошлиғи, тарих фанлари доктори Суръат Кубаев ва институт таянч докторанти Ортиқ Элмуратовнинг «Тарих институтининг 2026 йилги археология изланишлари» номли ахбороти эълон қилинган.
Унда институт ходимлари томонидан 2026 йилда амалга оширилган археологик текширув ва қазув ишларининг натижалари баён этилган. Жумладан, Ғарбий Тяншан тоғолди ҳудудларининг палеолит даврида ўзлаштирилиши, Аркутсой ёдгорлигидаги тош қуролларининг маданий қатламларда жойлашуви ҳамда қадимги табиий муҳит хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
Шунингдек, Талоқёпди қоятош суратларини қайта ҳужжатлаштириш натижасида қадимги тасвирларнинг эҳтимолий мазмунига оид янги илмий талқинлар илгари сурилган. Ушбу ёдгорликларни замонавий археологик ва геоархеологик усуллар асосида ўрганиш истиқболлари ҳам белгилаб берилган.
Мазкур изланишлар Ўзбекистон ҳудудининг тош даври тарихи, қадимги аҳолининг турмуш тарзи ва ибтидоий санъатини янги маълумотлар асосида ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.
— Ҳозирда журналнинг учинчи сонини тайёрлаш ишлари бошланган. Келгуси сондан ўқувчилар нималарни кутиши мумкин?
— Айни пайтда журналнинг 2026 йилги учинчи сонини нашрга тайёрлаш ишлари бошланган. Таҳририят тарихимизнинг мураккаб, залворли ва шонли саҳифаларини ёритувчи, илмий жиҳатдан чуқур таҳлил қилинган, янги манбалар ва ёндашувларга асосланган мақолалар устида иш олиб бормоқда.
Биз, аввало, тарихий далилларга таянган, илмий янгилиги билан ажралиб турадиган, илгари етарлича ўрганилмаган масалаларга ойдинлик киритадиган тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратамиз. Тарихий воқеаларни холисона баҳолаш, манбаларни танқидий таҳлил қилиш ва мавжуд қарашларни янги далиллар асосида қайта кўриб чиқиш журналимизнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Шу муносабат билан юртимизда фаолият олиб бораётган етук ва ёш олимлар, докторантлар ҳамда стажёр-тадқиқотчиларни журнал билан ҳамкорлик қилишга таклиф этамиз. Халқимиз ва давлатимиз тарихининг долзарб масалаларига бағишланган, янги илмий хулосаларни илгари сурадиган, илгари тадқиқ этилмаган ёки тарихий далиллар асосида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган мавзуларга оид мақолаларни мамнуният билан кутамиз.
Зеро, тарихни ўрганиш бу фақат ўтмишни билиш эмас, балки бугунги кунни англаш ва келажак учун мустаҳкам маънавий-илмий асос яратиш ҳамдир. «Ўзбекистон тарихи» журнали ана шу эзгу мақсад йўлида илмий изланишлар, янги кашфиётлар ва холис тарихий тафаккур учун муносиб минбар бўлиб хизмат қилишда давом этади.
ЎзА мухбири
Н.Усмонова ёзиб олди.