Тарихий обидалар – умумжаҳон мероси
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлари бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг биринчи техник йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда иштирок иштирок этиш Самарқандга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири A.Aбдуҳакимов, халқаро ва миллий экспертлар, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий комиссияси аъзолари келди. Меҳмонларга шаҳардаги Бибихоним масжиди ва Шоҳи-Зинда мажмуасини таъмирлаш бўйича вазифалар ҳақида маълумот берилди.
“Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университетида Халқаро маслаҳат қўмитасининг техник сессияси бўлиб ўтди. Дастлабки йиғилиш мамлакатимиздаги Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган “Ичан-қалъа”, “Бухоро тарихий маркази”, “Шаҳрисабз тарихий маркази”, “Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси” объектларига бағишланди.
“UZAEROSPACE” компаниясининг ривожланиш бўйича директори Ж.Йўлчиев “Ичан-қалъа” мисолида йиғилиш иштирокчиларига объектларни сақлаш, бошқариш ва маданий мерос мониторингидаги янги технологиялар юзасидан гапириб берди.
Шунингдек, Хоразм вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Эргашбек Салаевнинг “Ичан-қалъани тиклаш муаммолари” тўғрисидаги тақдимоти мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди.
Халқаро экспертлар – германиялик археолог Майкл Янсен, руминиялик шаҳарсозлик бўйича мутахассис Кристина Яманди, йиғилишда онлайн иштирок этган экспертлар Дмитрий Воякин, Мичаел Турнер, Юкио Нишимура ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди ва маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА