Тарихий меросни асраш – ёшлар тарбияси ва ислоҳотларнинг муҳим йўналиши
Кармана туманидаги Қосим Шайх мажмуасида Навоий вилояти прокурори Абдуқаҳҳор Муллажанов ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азат Тасбаев иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Учрашув давомида юртимизда тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, уларни замонавий инфратузилма билан уйғун ривожлантириш, туризм салоҳиятини юксалтириш ҳамда бу жараёнларга ёшларни кенг жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланганидек, юртимизда маданий меросни муҳофаза қилиш нафақат тарихий обидаларни сақлаш, балки миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш ва ёш авлодни маънавий жиҳатдан тарбиялашнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда. Шу боис тарихий ва маданий мерос объектларига нисбатан ҳурмат туйғусини кучайтириш, уларни асраб-авайлаш маданиятини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида қайд этилди.
Учрашувда ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг турли маънавий-маърифий лойиҳалар, кўнгиллилар ҳаракатлари ва жамоатчилик ташаббусларида фаол иштирок этиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди. Мутасаддилар тарихий меросни асрашда ҳар бир фуқаронинг, айниқса, ёшларнинг масъулияти беқиёс эканини таъкидлаб, уларни юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга чақирди.

Мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, соҳани янада такомиллаштиришга оид таклиф ва ташаббусларини билдирди. Уларнинг ҳар бири мутасаддилар томонидан атрофлича тингланиб, амалий тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Қосим Шайх мажмуасининг тарихий ва маънавий аҳамияти, унинг бугунги кундаги сақланиш ҳолати ҳамда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири