Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз
18 апрель – Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни муносабати билан “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси, Қўқон университети Андижон филиали ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида қадим ёдгорликлар ва тарихий жойларни, буюк аждодларимиз меросини асраб-авайлаш, уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб этиш, туризмни ривожлантириш масалаларига бағишланган “Маданий-тарихий ёдгорликлар – ўлмас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирда тарихчи олимлар, ижодкорлар, маданий мерос объектларини асраш ва туризм йўналишида фаолият олиб бораётган муассасалар мутасаддилари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, умумтаълим мактаблари тарих фани ўқитувчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Дастлаб, иштирокчилар ва меҳмонлар туман марказидаги “Мингтепа” музейи фаолияти, “Маънавият боғи”да ташкил этилган қадим Давон давлати даврига оид экспонатлар, мавзу доирасида чоп этилган китоблар, мусаввирлик, ҳунармандчилик асарлари кўргазмалари билан танишди.

Анжуман очилишида Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Абдураҳим Маҳамматов, “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳло Ҳусанова юртимизнинг тарихий ёдгорликлари ва зиёратгоҳларини асраш, ободонлаштириш, улар ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунча ва билимлар бериш, ички туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу анжуман мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётганлигини таъкидлади.

– Анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад, нафақат туманимиз, вилоятимиздаги, балки республикамиздаги тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ана шу жойларни ободонлаштиришга кенг жамоатчилик, халқимизнинг эътиборини қаратиш ҳамда улар орқали туризмни янада ривожлантириш кўзда тутилган, – дейди “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Шаҳло Ҳусанова. – Қолаверса, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш, аҳоли, хусусан, ёшларнинг тарихий ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар ҳақидаги билим ва тушунчаларини юксалтириш орқали уларда қадим тарихимизга, она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашдан иборат.
Анжуманда Андижон давлат университети профессори Сойибжон Ҳошимовнинг “Тарихий манбаларда қадим Давон давлати шаҳарлари ҳақида”, Андижон давлат техника институти профессори Улуғбек Абдуллаевнинг “Жалақудуқ туманидаги “Далварзин” археология ёдгорлигининг водий шаҳарсозлик тарихидаги ўрни”, Фарғона давлат университети доценти Алишер Алиохуновнинг “Фарғона водийсининг бронза ва илк темир даври тарихи”, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти доценти Гулнорахон Валихонованинг “Қадим Даван давлатида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт”, Қўқон университети Андижон филиали катта ўқитувчиси Бухажал Юнусованинг “Қадим Даван давлати тарихига оид маълумотлар” мавзусидаги маърузалари тингланди.

Шундан сўнг маданий мерос объектларининг аҳамияти, уларни тарғиб этиш ва улар базасида туризмни ривожлантириш борасида “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида фонд раҳбари Ортиқали Ҳусанов маълумот берди. Анжуман доирасида “Маданий-тарихий ёдгорликлар – халқимизнинг ўлмас мероси ва туризмни ривожлантириш объектлари” мавзусида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Танловда олим ва ижодкорлар, ўқитувчи ва талабалар ўзларининг ижодий ишлари, бадиий ва тасвирий санъат асарлари, илмий мақолалари билан иштирок этди.
– Танловда Даван давлати тарихи ҳамда туризм тарғиботига оид ҳайкалтарошлик асарларим билан иштирок этдим. Асарларим юқори баҳоланиб, танловнинг “Ёдгорликлар, тарихий жойлар ва туризм тарғиботига оид энг яхши ҳунармандчилик, ҳайкалтарошлик асари” номинацияси бўйича ғолиблар қаторидан ўрин олдим. Қадим тарихимизни ҳайкаллар орқали жонлантириш, тарихий ёдгорликларни тарғиб этишдек хайрли ишга ҳисса қўшаётганимдан беҳад хурсандман, – дейди реставратор, ҳайкалтарош Алишер Умматов.
Якунда барча йўналишлар бўйича ғолиб, совриндор ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.