Тарихий илдизлар ва замонавий ҳамкорлик уйғунлиги
Кун сайин ўзгариб бораётган дунёда давлатлар ўртасидаги муносабатлар кўпинча иқтисодий манфаатлар, сиёсий мувозанат ёки стратегик шериклик мезонлари асосида баҳоланади. Бироқ айрим ташрифлар борки, уларни фақат расмий протокол ёки дипломатик учрашувлар доирасида тушуниб бўлмайди. Улар ўзида тарихий хотира, маънавий яқинлик ва асрлар давомида шаклланган қардошлик ришталарини мужассам этади. Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга ташрифи айнан шундай воқеалардан бири бўлди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини нафақат умумий чегаралар, балки ягона тарихий илдизлар, муштарак маданият, ўхшаш урф-одатлар ва диний қадриятлар боғлаб туради. Бу икки халқ асрлар давомида бир ҳудудда яшаб, бир-бирининг қувончи ва ташвишига шерик бўлиб келган. Шу боис бугунги кунда давлат раҳбарлари даражасидаги ҳар бир учрашув аслида халқларга бўлган ишончнинг яна бир бор мустаҳкамланиши бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан амалга оширилган ушбу ташриф ҳам айнан ана шу тарихий яқинликни замонавий мазмун билан бойитишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Кўксарой қароргоҳида ўтган музокаралар, Олий давлатлараро кенгашнинг илк йиғилиши ва унда қабул қилинган қарорлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди.
Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Бугун биз Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини бошлаб бермоқдамиз. Ушбу формат, шубҳасиз, икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаради, Ўзбекистон – Тожикистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини амалий мазмун ва илғор ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилади”, – деган фикрларидан ҳам билишимиз мумкин.
Ташриф давомида имзоланган кўплаб ҳужжатлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг кенг қамровли ва узоқ муддатли эканини яна бир бор тасдиқлади. Стратегик шерикликни кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, транспорт ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш каби йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланди.
Айниқса, ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда бир неча баробар ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва замонавий логистика тизимларини жорий этиш бўйича эришилган келишувлар икки мамлакат иқтисодиётининг янада интеграциялашувига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида, аҳоли фаровонлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унинг давомийлиги қадимий Бухоро шаҳрида кечгани бўлди. Бухоро – Марказий Осиёнинг тарихий хотираси, илм-фан ва тасаввуф маркази.
Айниқса, ташрифнинг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси зиёратидан бошланиши чуқур рамзий маънога эга. Бу, аввало, аждодлар меросига ҳурмат, маънавий илдизларга садоқат ва умумий қадриятларга эҳтиром ифодасидир. Бу шуни кўрсатадики, бугунги ҳамкорлик фақат бугуннинг эҳтиёжлари билан эмас, балки ўтмишдан келаётган руҳий боғлиқлик асосида қурилмоқда.
Фикримча, айнан мана шу жиҳат ташрифни бошқаларидан ажратиб туради. Чунки замонавий сиёсатда маънавийлик унсури ҳар доим ҳам устувор бўлавермайди. Аммо ушбу ташрифда сиёсий мулоқот маънавий қадриятлар билан уйғунлашганини кўриш мумкин. Бу эса икки халқ ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлайди.
Ташриф доирасида ўтказилган маданий тадбирлар, қўшма концерт дастурлари ва гуманитар алоқалар ҳам икки халқ ўртасидаги руҳий яқинликни янада мустаҳкамлади.
Бундай ташрифларнинг энг муҳим натижаси ҳам айнан шу — улар қалбларни яқинлаштиради. Сиёсий келишувлар вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин, аммо маънавий яқинлик ва ўзаро ҳурмат абадий қадрият бўлиб қолади.
Хулоса қилиб айтганда, Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. У нафақат иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни мустаҳкамлади, балки умумий тарих, маданият ва маънавий қадриятлар асосидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Бу ташрифни оддий дипломатик воқеа сифатида эмас, балки икки халқ ўртасидаги азалий дўстликнинг янги саҳифаси, маънавий бирликнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳолаш ўринли.
Жаҳонгир МУРОДОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Бухоро вилояти бўлими етакчи мутахассиси
ЎзА