Танқид ва таҳлил
Самарқандда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
Самарқандда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошқарган йиғилиш сим орқали мулоқот тарзида ташкил этилди. Унда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, асосий эътибор Президентимизнинг шу йил 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси натижаларига қаратилди.
Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотини ўтган 6 ойда 10,5 фоизга оширишга эришилди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 6,2, чакана товар айланмаси 12,6, қурилиш-пудрат ишлари 11,1 ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,5 фоизга ўсди. Ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг 36,3 фоизи озиқ-овқат, 22,1 фоизи енгил саноат, 21,8 фоизи машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, 4,4 фоизи химия ва нефть, 4 фоизи қурилиш материаллари саноати тармоқларига тўғри келди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 71,9, хизмат кўрсатиш соҳаси улуши 54,3 фоизни ташкил этди.
Бандлик масаласини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар туфайли 47 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилиб, уларнинг асосий қисми қишлоқларда ташкил этилди. Иш ўринларининг асосий қисми тижорат банкларининг кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этиш учун ажратилган кредитлар, касаначилик ва фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳисобига тўғри келди.
Фаол инвестиция сиёсати ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, инфратузилмани ривожлантириш январь-июнь ойларида молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 1 триллион 293 миллиард сўмлик инвестицияни ўзлаштириш имконини берди. Хорижий инвестициялар 10,1 миллион долларни ташкил этди.
Биринчи ярим йилликда 482 хизмат кўрсатиш шохобчаси фаолияти йўлга қўйилиб, улар негизида 1 минг 626 янги иш ўрни яратилди.
Ҳисобот даврида 1 минг 258 кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, уларнинг сони 15,9 мингтага етди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига молиявий ёрдам бериш мақсадида 501,7 миллиард сўм кредит ажратилди. Бугун вилоятдаги иш билан банд аҳолининг 83,7 фоизи айнан шу соҳада меҳнат қилмоқда.
Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ва унинг таркибини кенгайтириш бўйича амалга оширилган ишлар туфайли экспорт борасидаги режа 133,5 фоизга бажарилди.
Танқид ва таҳлил руҳида ўтган йиғилишда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишлар мавжуд имконият ва салоҳият даражасида эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йил охирига қадар саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланди, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов сўзга чиқди.