Ўзбекистон - Хитой: геофизика соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичда
Нефть-газ соҳасида геологик қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, замонавий геофизик технологияларни жорий этиш ва халқаро тажрибани кенг жалб қилиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада Хитой компаниялари билан йўлга қўйилган алоқалар янги лойиҳалар ва истиқболли ташаббуслар учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Шу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сухроб Ҳамроев Хитойнинг “BGP” ва “INOVA” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда ҳамкорликдаги сейсмик қидирув лойиҳаларининг амалий ижроси, бажарилаётган ишлар самарадорлиги ва белгиланган режаларнинг ўз вақтида таъминланишига доир масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йил якунига қадар режалаштирилган иш ҳажмларини бажариш учун жараёнларни янада жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, геофизик ускуналарни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш билан боғлиқ масалалар ҳам музокаралар кун тартибидан ўрин олди. Техник таъминот узлуксизлигини таъминлаш, ускуналарни келишилган муддатларда ва тўлиқ етказиб бериш бўйича вазифалар кўриб чиқилди.
Келгусида ҳамкорликни янги йўналишларда ривожлантириш, соҳага илғор технологияларни жалб этиш ҳамда маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасидаги алоқаларни кенгайтириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, мазкур ҳамкорлик геологик қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, техник имкониятларни кенгайтириш ва углеводород захираларини аниқлаш жараёнларини замонавий технологиялар асосида такомиллаштиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА