Чорвачилик соҳасини ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди
Гулистон туманида чорвачиликни ривожлантириш, замонавий хўжаликлар фаолиятини йўлга қўйиш, фермерлар учун мавжуд имтиёз ва молиявий имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди. Унда тармоқда маҳсулдорликни ошириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, илғор тажрибани оммалаштириш ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Тадбир Боёвут СИУ ҳудудида жойлашган «Замон тулпорлари» фермер хўжалигида ташкил этилган енгил типдаги чорва мажмуасида бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Олимжон Жўраев, туман прокурори Илҳом Норматов, ҳоким ўринбосари Сардор Ўтбасаров, соҳа мутасаддилари ва чорвачилик хўжаликлари раҳбарлари иштирок этишди.

Семинар қатнашчилари мажмуанинг фаолияти, уни ташкил этиш тажрибаси ва чорва молларини парваришлаш учун яратилган шароитлар билан танишишди. Шунингдек, чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш ва кенгайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш механизмлари ҳамда тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар юзасидан маълумот берилди.

Чорвачилик қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи сифатида аҳолини гўшт, сут ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қишлоқ жойларда бандликни ошириш ва фермерлар даромадини кўпайтиришда алоҳида ўрин тутади. Шунинг учун уни ривожлантиришда фақат чорва моллари сонини кўпайтириш эмас, балки наслчиликни яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, ветеринария хизматини такомиллаштириш ва маҳсулотни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш ҳам муҳим ҳисобланади.

Бундай амалий учрашувлар соҳадаги мавжуд имкониятларни кенгроқ намоён этиш, фермерлар ўртасида тажриба алмашиш ва чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири