Навоий давлат педагогика институтида “Таълимда замонавий рақамли технологиялар: муаммо ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари олимлари, шунингдек, ZOOM платформаси орқали Малайзия, Россия, Беларусь, Польша каби давлатларнинг етакчи олимлари иштирок этган анжуманда таълимни рақамлаштиришнинг глобал масалаларини ижобий ҳал этишнинг назарий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди. Жумладан, “Виртуал лаборатория ишларини яратиш усуллари”, “Рақамлаштириш шароитида талабаларнинг касбий тайёргарлигини оширишда дастурлаш тилларининг роли”, “Ўқув жараёнини ташкил этишда рақамли технологиялардан фойдаланиш методологияси”, “Педагогик дастурий воситаларнинг амалий самарадорлиги”, “Таълимда мобил технологиялардан фойдаланиш имкониятлари” каби қатор мавзуларда мутахассисларнинг фикрлари, мулоҳазалари эшитилди.

– Юртимизни ривожлантиришда таълим жараёнига халқаро тажрибаларни олиб кириш, тўлиқ рақамлаштиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз, – дейди институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори вазифасини вақтинча бажарувчи Ўралбой Мирсанов. – Алоҳида қайд этиш керакки, бугунги анжуман соҳа мутахассислари, олимлар учун тизимдаги долзарб муаммоларни ҳал этиш борасида катта форматдаги босқич бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2020 йилда “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди. Ушбу стратегия доирасида электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT-паркларни ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш каби кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Узлуксиз таълим тизимининг барча бўғинларида янги рақамли технологиялар касбий фаолиятга тайёрлашда ижодий ёндашув, уларнинг мустақил ва амалий ишларида асосий ҳаракатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

– Бугунги кунда рақамли технологиялар барча соҳаларга, жумладан, таълим жараёнига татбиқ этилмоқда, – дейди Андижон давлат университети ўқитувчиси Абдураҳмон Нўъмонжонов. – Таълим тизимининг рақамлаштирилиши эса бу соҳанинг ривожланишида янги босқични бошлаб берди. Рақамлаштириш жараёни ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини интерактив ҳамда самарали қилиш билан бирга, таълим сифатини ошириш, таълим жараёнини янада индивидуаллаштириш имконини беради. Таълимни рақамлаштириш катта афзалликларни, жумладан, ўқув тажрибасини яхшилаш, қулайликни ошириш ва шахсга йўналтирилган таълимни таклиф қилади. Электрон таълим платформалари, сунъий интеллект ва VR каби технологиялар мослашувчан ҳамда интерактив таълим муҳитини таъминлаш орқали анъанавий ўқитиш усулларини тубдан ўзгартириш имкониятини яратади. Бироқ ушбу инновациялардан адолатли фойдаланишни таъминлаш учун рақамли тафовут ва махфийлик муаммолари ҳал қилиниши керак.
Конференция давомида таълимга рақамли технологияларни жорий этиш, таълим мазмунини бойитиб бориш, шунингдек, педагогларни методик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган турли муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири