Таълимга йўналтирилган сармоя албатта самарасини беради
Жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳар бир гўшаси йилдан-йилга ўзгариб, янгича чирой очмоқда. Юртимизда бунёд этилаётган замонавий иншоотларни кўриб, кўзингиз қувнайди.
Янги Ўзбекистон қисқа давр ичида илғор давлатлар сафига қўшилишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Бу юксак маррага эришиш учун эса бизга салоҳиятли кадрлар, фундаментал тадқиқотлар, инновацион ишланмалар зарур. Бу борадаги ислоҳотлар мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ этишда яққол кўзга ташланмоқда. Тизимда сифат ва самара шиддат билан кўтарилгани олий таълим олишнинг туб моҳиятини англаган ёшлар дунёқарашида, натижаларида яққол намоён бўлаётир.
Президентимизнинг жорий йил 25 май куни “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ги фармони эълон қилинди. Ушбу фармон биринчи навбатда инсон қадрини улуғлаш ва иқтидорли ёшларни олий таълимга кўпроқ қамраб олиш учун мўлжалланган, десак муболаға бўлмайди. Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мавжуд шароитларни яхшилаш, кадрлар тайёрлашни иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқ ва соҳаларига манзилли йўналтириш мақсадини кўзда тутади. Шу билан бирга, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанларга устуворлик берилди. Фармонда таълим олувчилар манфаатларини кўзловчи шу каби кўплаб янги тартиб ва ўзгаришлар белгиланиб, янги ўқув йили қабулида мазкур ҳужжат ижросига эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона политехника институти жамоаси билан жорий йилда институтни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда ушбу стратегиянинг асосий йўналишларидан бири сифатида инновацион фаолиятни “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
Бугунги кунда институтда илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган жами 19 та марказ фаолият бошлади. Тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш маркази, ўқув-ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш маркази, медиа-марказ, қурилиш материаллари аккредитация маркази, АКТ инкубация маркази шулар жумласидан. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 та “Спин-офф” корхонаси очилди. Институтнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, бу борада 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” асосида иш олиб борилмоқда. Марказлар халқаро ва миллий меҳнат бозорларига рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, илмий-тадқиқот ўқув ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини аккредитациядан ўтказиш, тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш, PR-медиа, ахборот-технологиялари ҳамда дастурлаш йўналишларига мўлжалланган. Шунингдек, Япониянинг “Willtec” компанияси билан биргаликда халқаро миқёсда қурилиш соҳасида мақсадли кадрлар тайёрлаш учун “Япон тили ва япон технологияларини ўқитиш” маркази ҳам ташкил этилган.
Шунингдек, институтда талабалар учун ўзгарувчан технологик жараёнларга мослашувчан ва фаол муносабатда бўлиш имконини берувчи индивидуал таълим йўналишлари тизими жорий этилмоқда. Бу борада Олий муҳандислик мактаби лойиҳаси амалга оширилиши айни муддаодир.
Айни пайтда институтда машинасозлик, кимё саноати, энергетика ва электротехника йўналиши соҳасида 2863 нафар талаба бакалавриатда ҳамда 57 нафар талаба магистратурада таҳсил олади. Ўз навбатида, 54 нафар таянч докторант ва 1 нафар докторант илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда. Олий муҳандислик мактаби лаборатория ва ишлаб чиқариш базалари замон талабларига мос жиҳозланган. Шунингдек, 20 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Дастлабки босқичда олий муҳандислик мактабида машинасозлик, электротехника, энергетика ва кимё технология ихтисосликлари бўйича махсус магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Талабаларга соҳа буюртмачилари талаблари асосида шакллантирилган махсус ўқув дастурлари асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштириш ҳамда илмий изланишларга йўналтирилган дастурлар бўйича таълим берилади. Магистратуранинг иккинчи йилида янги маҳсулотлар бўйича тажриба конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнлар корхоналарда бевосита амалиётда синовдан ўтказилади. Амалиёт билан боғланган илмий тадқиқотга йўналган махсус таълим дастурларида таҳсил олган талабалар келажакда юртимиз иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш ҳамда саноатимиз ривожига ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрлар бўлиб етишади.
Президентимиз топшириғига биноан Фарғона политехника институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети томонидан “УзАвто” корхонаси билан “Олий муҳандислик мактаблари”ни очиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 25 июнь куни институтимиз вакиллари “УзАвто” корхонаси мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Учрашувда келгусидаги ҳамкорлик алоқалари, олий муҳандислик мактабларини ташкил этиш, инновацион фаолиятдаги ҳамкорлик, дуал таълим каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Мустақиллик бизга улкан имкониятлар берди. Олий таълимдаги ислоҳотлар ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Ёшларни илмли, зукко этиб тайёрлаш мақсади биз, таълим соҳаси вакилларини фидойиликка чорлайди.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори, техника фанлари доктори.