Таълимга йўналтирилаётган маблағлар сифат бўйича қандай натижа беряпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат бюджетининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот қизғин муҳокама қилинди. Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб ижтимоий соҳа, таълим, тиббиёт йўналишларидаги бюджет самарадорлигига эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Давлат бюджети харажатларининг 47 фоизини ижтимоий соҳа харажатлари ташкил этган. Жумладан, таълим харажатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2025 йилда ушбу тизим харажатлари 2024 йилга нисбатан 12,9 триллион сўмга ёки 18,1 фоизга ошиб, 84,2 триллион сўмга етди. Таълим харажатларининг 64 фоизи умумий таълимга, 20 фоизи мактабгача таълимга ва 16 фоизи эса кадрлар тайёрлашга йўналтирилган.
Ўтган йили мактабларни қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш мақсадларига 3 триллион 78 миллион сўм ажратилган. Болалар боғчаларини таъмирлашга эса 1 триллион 337 миллиард сўм маблағ ажратилган. Муҳокамаларда депутатлар таълим тизимига йўналтирилаётган маблағлар таълим сифати бўйича қай даражада натижа бераётгани, кадрлар малакаси оширилаётгани қандай самара кўрсатаётганига алоҳида урғу қаратди.

Йиғилишда Ҳукумат томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Жумладан, ҳисобот даврида етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 662 нафар болалар уй-жой билан таъминлангани, 674 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга 4 триллион сўмдан ортиқ нафақа ва моддий ёрдамлар тўлаб берилгани қайд этилди.
Шунингдек, депутатлар нархлар барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилган тадбирлар натижасида инфлация даражаси 7,3 фоизга камайган бўлсада, нега 2025 йилда фуқароларимизнинг кундалик истеъмоли учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари инфлацияси ортганига изоҳ сўради.
Бундан ташқари, авиа ҳамда темир йўл чипталаридаги имтиёзлар масаласига ҳам тўхталди. Қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти пенсионерлари, нафақахўр ва ногиронлиги бор фуқароларига авиа ва темир йўл чипталарини сотиб олишда 50 фоизлик имтиёз берилган эди. Ўтган йилда ушбу мақсадлар учун 53 млрд. сўм маблағ ажратилган. Эндиликда бошқа олис ҳудудларга ҳам шундай имтиёзлар бериладими, деган савол ўртага ташланди.

Бунга жавобан мазкур имтиёз Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмнинг экологик вазиятидан келиб чиққан ҳолда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилгани, кейинчалик бошқа ҳудудларга ҳам қўллаш борасида Транспорт вазирлиги билан маслаҳатлашилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, муҳокамаларда ижтимоий соҳа объектларига ажартилаётган маблағлар самарадорлиги масаласи ҳам кўтарилди. Айрим ҳудудларда давлат бюджети ҳисобидан шифохона ва поликлиникалар қурилган, аммо ҳали ишга тушмагани, бунинг учун штатлар жадвали тасдиқланмагани ёки бошқа омиллар сабаб бўлаётгани танқид қилинди.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалардан сўнг фракциянинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА