Бюджет харажатларининг қарийб ярми ижтимоий соҳага йўналтирилган
Парламент қуйи палатаси мажлисида 2025 йилги бюджет ижроси бўйича ҳисобот қизғин муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров қайд этганидек, якунланган йилда Давлат бюджети харажатларининг қарийб ярми — 47 фоизи ёки 180,4 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилган. Ушбу маблағларнинг 86,5 фоизи бевосита аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уй-жой билан таъминлаш дастурларига сарфланган.
Шунингдек, таълим соҳасини ривожлантириш учун бюджетдан 84,2 трлн. сўм ёки 2024 йилга нисбатан 12,9 трлн. сўм кўп маблағ йўналтирилган. Таълим ислоҳотлари натижасида техникумларда ўқувчилар сони 2024 йилдаги 335 минг нафардан 2025 йилда 438 минг нафарга етди. Магистратура босқичида таҳсил олаётган қарийб 18 мингга яқин хотин-қизнинг 123 млрд. сўмлик тўлов-контракт маблағлари бюджет ҳисобидан тўлаб берилди. Сўнгги тўрт йилда олий таълимга қабул қилинган хотин-қизлар сони қарийб 2 баробарга ошиб, 116 минг нафардан 227 минг нафарга етди.

Шунингдек, давлат-хусусий шерикчилигидаги болалар боғчаларига қарийб 4,0 трлн. сўм субсидия ажратилган. Бунинг натижасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари сони 32 мингтага етиб, улардаги болалар қамрови 1 миллиондан ошган.
Ҳисобот даврида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, соҳага 43,3 трлн. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 7,2 трлн. сўмга кўп. Бундан ташқари, давлат тиббий суғуртаси тизими билан қамраб олинган тиббиёт муассасалари томонидан 21,6 трлн. сўм маблағ сарфланган.

Ҳисобот даврида респубиканинг 15 туманида тажриба-синов тариқасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилди ва бунинг учун 368 млрд. сўм ажратилган.
Ўтган йили соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилган Давлат дастурлари учун 2 трлн. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.
Шунингдек, 2025 йилда кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси, моддий ёрдам ва компенсациялар учун 14,5 трлн. сўм бюджет маблағлари ажратилган. Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини изчил оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари учун 4,2 триллион сўм, иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар учун 6 триллион сўм ажратилган.
Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда тижорат банклари томонидан 70 мингдан ортиқ фуқарога 21 триллион сўм ипотека кредитлари ажратилди. Ушбу кредитларнинг 13,6 триллион сўми бюджет ресурслари томонидан молиялаштирилди. Шунингдек, 21 мингдан ортиқ фуқарога ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал тўловлари ҳамда 91 мингдан ортиқ фуқарога ипотека кредитлари фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш учун жами 2 триллион сўм субсидия ажратилди.
Шунингдек, аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ҳудудларда жами 135 мингта хонадон қурилди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивларининг сони 56 тага етди ва уларда қарийб 24 минг хонадон фойдаланишга топширилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА