Таълимдаги муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар пойдевори
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “Муваффақиятли ислоҳотлар – юқори натижалар пойдевори” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддилари, халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарлари, Сингапур таълим вазирлиги, ушбу мамлакатнинг “Marshall Cavendish Education”, “Times Publishing Ltd” каби ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёдрамчиси Саида Мирзиёева юртимизда тараққиётнинг муҳим шарти сифатида таълим соҳасини тубдан ислоҳ этиш, унга жаҳоннинг энг илғор тажрибаларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг мақеи ва обрўсини юксалтириш, устоз-педагогларнинг касб маҳоратини доимий ошириб бориш орқали таълим сифати ва мазмунини юксалтириш масаласига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, Ўзбекистон таълимида эришилган ютуқлар билан бирга келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳам мавжуд.
Шу ўринда мазкур халқаро ташкилот томонидан Ўзбекистонда таълим сифатини ошириш, педагогларнинг салоҳиятини кўтариш учун алоҳида 3 миллион долларга тенг грант маблағлари ажратилишини таъкидлаш жоиз.
Ўқувчиларда мантиқий, танқидий ва креатив фикрлаш, билимини реал ҳаётий вазиятларда қўллаш, мулоҳаза юритиш, хулосалар чиқариш, талқин қилиш, ностандарт вазиятларда юзага келган муаммоларга ечим топиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Мазкур кўникмалар ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, касб эгаллаши ва мустақил қарор қабул қила оладиган шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамиятга эга.
Ўз навбатида ўқитувчиларнинг ўқитиш методикаларини ривожлантириш, шунингдек, ўқувчиларни мулоҳаза юритишга ундаш, уларга ўйлашни талаб қиладиган, аниқ ечиш усуллари бўлмаган ва билимларини янги вазиятларда қўллаш талаб қилинадиган масалалар бериш, муаммоларни турли хил контекстларда баён этиш, мустақил ўрганиш методикаларини ривожлантириш масаласи тобора долзарб ҳисобланади.
Тадбир давомида Сингапур тажрибаси асосида мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, уларни касбий ривожлантиришга доир илғор тажрибалар алмашиш, ўқувчилар билими ва кўникмаларини баҳолаш ҳамда ривожлантиришда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълимни рақамлаштириш бўйича соҳа мутахассисларининг мавжуд билимларини янада ошириш назарда тутилган.
Сингапур таълимга оид нуфузли тадқиқотлар натижаларига кўра дунёда етакчи мамлакатлардан бири бўлиб, таълимга сармоя киритиш, инсон капиталини ривожлантиришга эътибор қаратиш орқали мамлакат тараққиётига эришган давлат сифатида эътироф этилади.
– Ўзбекистон Сингапурнинг муҳим ҳамкорларидан саналади, – деди “Times Publishing Ltd” ташкилоти раҳбари Пенг Йим Сю. – Янги лойиҳа мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ўқитувчилар билимини янада ошириш, ўқув жараёнига оид долзарб вазифаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради.
[gallery-17748]
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатдаги мактаб директорлари ва ўқитувчилар малакасини ошириш, мактаблар ўқув дастурини такомиллаштириш ҳамда унга рақамли технологияларни жорий қилиш бўйича Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
Бунда Ўзбекистоннинг халқаро тадқиқотлардаги натижалари таҳлилларини чуқурлаштириш, фанлараро ўзаро интеграцияни кучайтириш орқали таълим сифатини ошириш, Сингапур тажрибаси асосида мактаб раҳбарлари ва педагог кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этиш, мазкур йўналишда тажриба алмашиш, ўқувчиларнинг таълим олишларини яхшилаш, ҳаётий зарур кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг фанлардан эгаллаган билимларини баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича тренинглар ташкил этиш назарда тутилган.
Конференциянинг мантиқий ва узвий давоми сифатида, сингапурлик экспертлар томонидан жорий йил 10-14 июнь кунлари мактаб директорлари ҳамда 8-12 июль кунлари математика ва табиий-илмий саводхонликни ривожлантириш йўналишлари бўйича тренинглар олиб борилади.
Унда 400 нафардан ортиқ мутахассислар учун касбий ривожлантириш, соҳадаги янгиликларни бўлишиш, ўз фаолияти давомида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича тажрибалар ўргатилади.
Кейинчалик, жорий йил август ойидан бошлаб мазкур тренингларда қатнашган 400 нафарга яқин мактаб директорлари (менежерлар), математика ва табиий фанлар ўқитувчилари (мастер-тренерлар) салоҳиятидан фойдаланган ҳолда мамлакатимиз бўйлаб ҳудудлар, туман ва шаҳарлар ва мактаблар даражасида каскад усулида тренинглар давом эттирилади.
2024-2025 янги ўқув йили давомида сингапурлик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари давом эттирилади. Республика даражасида ўтказилган тренингда эгалланган билим ва кўникмаларни 500 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар эътиборига етказилиши жараёнларида эришган натижалар кузатилади, таҳлил қилинади ҳамда методик ёрдам ва маслаҳатлар бериб борилади.
Ҳамкорлик доирасида ўқувчиларнинг таълим олишлари ҳамда фанлардан эгаллаган билимларини баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланилиш кўзда тутилган бўлиб, бунда 2024/2025 ўқув йили давомида юртимизнинг барча ҳудудларидаги мактабларда сунъий идрокдан фойдаланган ҳолда ўқувчиларининг математика ва табиий фанлардан эгаллаган билимлари ва ушбу билимларни реал ҳаётий вазиятларда фойдалана олишлари баҳоланади, мониторинг қилиб борилади ҳамда аниқланган бўшлиқлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Сингапурнинг “Marshall Cavendish Education” ташкилоти таълим соҳасида салмоқли ютуқларга эришган ташкилот сифатида ҳозирги кунда 90 дан ортиқ мамлакат билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ташкилот мазкур йўналишда 60 йиллик тажрибага эга.
Шунингдек, ушбу ташкилот бутун дунё бўйлаб ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида доимий равишда тадқиқот ишларини олиб боради.
Назокат Усмонова, Алимурод Мамадаминов (сурат), ЎзА