Таълимда ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш маданияти қарор топиши зарур
Бугун мамлакатимиз тараққиёти ҳақида сўз борганда, иқтисодиёт, инвестиция, технология, саноат ёки рақамлаштириш билан бир қаторда битта масала барча соҳаларнинг тақдирини белгилаб бераётганини тобора чуқурроқ англаяпмиз. Бу – инсон капитали ва уни шакллантирадиган таълим тизими.
Президентимизнинг Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этишга қаратилган фармони мамлакатимиз тараққиётининг стратегик эҳтиёжларига жавоб берадиган муҳим қадам бўлди. Фармонда белгиланган янги ёндашувлар таълимни бошқариш тизимидаги маъмурий ўзгаришдан кўра кенгроқ мазмунга эга.
Президентимиз таълим сифатини ошириш, соҳани янги босқичга олиб чиқиш учун янгича ёндашувларни жорий этиш, таълимни бозор талабларига мослаштириш, рақобатни кучайтириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш вазифасини илгари сурди. Ислоҳотнинг бош мақсади таълим муассасаси инсонни ҳаёт ва меҳнат бозорига қанчалик тайёрлаяпти, унда мустақил фикрлаш, касбий компетенция, масъулият, ижодкорлик ва ўзгарувчан шароитга мослашиш қобилиятини қанчалик шакллантиряпти, деган саволга жавоб берадиган тизимни яратишдир.
Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири инсон капиталини ривожлантириш ва узлуксиз таълим стратегияси бўйича умуммиллий концепцияни ишлаб чиқувчи махсус ишчи гуруҳ ташкил этилаётганидир. Бу бежиз эмас. Замонавий дунёда мамлакатлар ўртасидаги рақобат, аввало, табиий ресурслар ёки географик имкониятлар билан эмас, билимли, малакали, ташаббускор ва янгилик яратишга қодир инсонлар билан белгиланмоқда. Шунинг учун боғчадан бошлаб мактаб, профессионал таълим, олий таълим, илмий тадқиқот ва малака оширишгача бўлган жараённи бир-биридан узилган бўғинлар эмас, ягона узлуксиз инсон капитали тизими сифатида кўриш зарур.
Янги вазирлик зиммасига барча таълим босқичлари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг операцион жараёнларини мувофиқлаштириш, таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни белгилаш, аккредитация ва лицензиялаш каби муҳим вазифалар юкланиши кўзда тутилмоқда. Бу ерда энг муҳим масала ваколатнинг кўпайгани эмас, балки масъулиятнинг аниқлигида. Шу билан бирга, Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлигининг алоҳида институти сифатида фаолият юритиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўқув дастурлари, дарслик ва методик материалларни ишлаб чиқиш, уларни амалиётга жорий этиш, натижаларини мониторинг қилиш ва аниқланган камчиликлар асосида такомиллаштириш таълим сифатини узлуксиз яхшилаб боришнинг муҳим шартидир.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган “ўзбек мактаби битирувчисининг портрети” ғояси ҳам шу жиҳатдан алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги битирувчи мустақил фикрлай олиши, ахборотни таҳлил қилиши, рақамли муҳитда тўғри қарор қабул қилиши, чет тилларини билиши, ўз фикрини равон ифода эта олиши, жамоада ишлаши, касбий йўналишини англаши ва энг муҳими, ўз устида мустақил ишлай оладиган шахс бўлиши керак.
Фармонда олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш, олий таълим муассасалари мустақиллигини кенгайтириш ва нодавлат сектор учун имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Олийгоҳ ўз таълим дастурини такомиллаштириши, меҳнат бозори эҳтиёжларини ўрганиши, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириши, илмий тадқиқотларни ривожлантириши ва талабага сифатли таълим бериши учун кўпроқ имкониятга эга бўлади. Эвазига эса жамият олдида натижа кўрсатиши керак. Бунинг учун, энг аввало, эски усулдаги кескин бошқарувчилардан кўра, дунё тажрибасини кўрган замонавий менежерлар раҳбарлик лавозимига келиши зарур.
Янги вазирлик номида “таълим” билан бир қаторда “илм-фан” тушунчасининг туриши ҳам стратегик аҳамиятга эга. Чунки замонавий таълим илм-фандан узилиб қолса, у маълумот узатиш билан чекланиб қолиши мумкин. Илм-фан таълимдан узилса, янги билимни авлодларга тизимли равишда етказиш имконияти сусаяди. Уларнинг узвийлиги эса илмий тадқиқот – янги билим, таълим мазмуни – малакали мутахассис, инновация – иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт занжиридан иборат бўлган бутунлай бошқа натижа беради.
Бугунги янгиланишларнинг мазмун-моҳиятини фақат янги тузилмалар, янги номлар ёки янги вазифалар билан ўлчаш тўғри бўлмайди. Ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси мактабдаги дарс сифатида, ўқитувчининг касбий нуфузида, талабанинг билимида, битирувчининг ишга жойлашишида, илмий мақоланинг эмас, илмий натижанинг ҳаётга татбиқ этилишида кўриниши керак. Энг муҳими, таълимда ҳисобот учун эмас, натижа учун ишлаш маданияти қарор топа бошлаётганидир. Шу боис бугунги ислоҳотларни янги вазирлик, янги тузилма ёки янги бошқарув механизми доирасидагина баҳоламаслигимиз керак. Масала моҳиятан анча чуқур. Энди Ўзбекистон таълимни бошқаришдан таълим натижасини бошқаришга ўтиши керак. Бундан буён мактабнинг ҳам, техникумнинг ҳам, университетнинг ҳам асосий мезони ҳисоботлар эмас, инсонда юзага келган ўзгариш бўлиши лозим.
Биз бугун мактабга қандай ўқитувчи, университетга қандай раҳбар, таълим тизимига қандай бошқарув маданияти ва ёш авлодга қандай билим берсак, эртага мамлакатнинг интеллектуал қиёфаси ҳам шундай бўлади. Шу соҳа вакили сифатидаги менинг шахсий фикрим шуки, таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш билан бирга, унинг ҳар бир босқичида жамоатчилик назорати, очиқлик ва аниқ натижа талаб қилиниши ҳам муҳим. Чунки таълим биргина вазирлик ёки муассасанинг иши эмас. У бутун жамиятнинг келажаги билан боғлиқ. Биз бугун қандай таълим тизимини яратсак, эртага шундай жамиятни кўрамиз.
Зеро, таълимга сарфланган ҳар бир маблағ, ҳар бир қарор ва ҳар бир ислоҳот охир-оқибат инсонда ўз ифодасини топсагина ҳақиқий тараққиётга айланади. Инсон капиталига сармоя эса Ўзбекистоннинг келажагига киритилаётган энг узоқ муддатли сармоядир.
Мавлон БОБОХОНОВ,
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети профессори,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши депутати
ЎзА.