Таълимда ахборот технологиялари: муаммо ва ечимлар
Навоий вилояти педагогик маҳорат марказида “Умумтаълим мактаблари таълим жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишнинг долзарб муаммолари ва ечимлари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.
Онлайн ва офлайн форматларда ўтказилган анжуманда республикамизнинг турли ҳудудларидан олимлар, профессор-ўқитувчилар, таълим соҳаси мутахассислари ва амалиётчилар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Таълим ва илм-фан вазирлиги Рақамлаштириш бўлими бошлиғи Сарвар Мўминов ҳамда Навоий вилояти педагогик маҳорат маркази директори Ўктамжон Мардонов сўзга чиқиб, замонавий таълим тизими олдида турган энг муҳим вазифалардан бири – рақамли технологиялар имкониятларини педагогик жараён билан уйғунлаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Таъкидланганидек, бугун сунъий интеллект, рақамли таълим платформалари, электрон ресурслар ва интеллектуал таҳлил воситалари таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Бундай шароитда ўқитувчидан нафақат ўз фанини чуқур билиш, балки рақамли компетенцияларга эга бўлиш, замонавий технологияларни дарс жараёнига мақсадли татбиқ этиш ҳам талаб этилмоқда.

Анжуманнинг ялпи мажлисида Навоий, Самарқанд ва Фарғона вилоятларидаги олий таълим муассасалари ҳамда педагогик маҳорат марказлари вакилларининг илмий маърузалари тингланди.
Сунъий интеллект асосида адаптив ўқитиш методикаси, ўқувчилар компетенцияларини ривожлантиришда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг педагогик-психологик асослари, рақамли педагогик диагностика, халқаро баҳолаш дастурлари ҳамда таълимда инновацион ёндашувлар атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида муҳокамалар тўртта шуъбада давом эттирилди.

Ҳар бир шуъба доирасида ташкил этилган илмий маърузалар, савол-жавоблар ва тажриба алмашиш жараёнлари иштирокчилар учун фикр ва ғоялар алмашиш, мавжуд муаммоларга илмий нуқтаи назардан ёндашиш ҳамда уларнинг амалий ечимларини излаш имконини яратди.
Анжуман якунида билдирилган фикр ва таклифлар умумлаштирилиб, муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли хулосалар ишлаб чиқилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири