Илм, ирода ва масъулият – янги авлод камолотининг мустаҳкам пойдевори
Акс-садо
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка йўллаган мактуби мазмунан оилавий мулоқот доирасидан анча кенг бўлиб, унда ёш авлод тарбияси, инсон камолоти, илм-маърифат, ҳаётий масъулият ва эл-юртга хизмат қилиш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.
Мактубда илгари сурилган фикрлар олий таълим тизими вакиллари, хусусан, биз – университет раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларни ёшлар тарбиясига янада масъулият билан ёндашишга, амалга ошираётган ишларимизни танқидий баҳолашга ундайди.
Бугун университет раҳбари сифатида мени ўйлантирадиган энг муҳим саволлардан бири – биз талаба-ёшларимизни нафақат етук мутахассис, балки мустақил фикрлайдиган, ҳаёт синовларига бардошли, жамият олдидаги масъулиятини чуқур англайдиган шахс сифатида тарбиялай оляпмизми?
Зеро, олий таълим муассасасининг муваффақияти фақат битирувчилар сони, илмий кўрсаткичлар ёки халқаро рейтинглардаги ўрни билан эмас, балки тарбиялаган авлоди жамият тараққиётига қандай ҳисса қўшаётгани билан ҳам баҳоланади.
Мактубда ёшларнинг барча фанларни пухта ўзлаштириши, хорижий тилларни ўрганиши, илм-фан янгиликларидан мунтазам хабардор бўлиши ва ҳар куни янги кўникмаларни эгаллаши зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.
Бу фикрлар университетимиз олдидаги устувор вазифаларни янада аниқ белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Биз талабаларимизга тайёр билимларни бериш билан чекланмасдан, уларда мустақил изланиш, танқидий ва таҳлилий фикрлаш, янгилик яратиш ҳамда назарий билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини шакллантиришимиз зарур.
Менинг назаримда, замонавий университетда талабанинг истеъдодини кашф этадиган, ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган, хато қилишдан қўрқмасликка, ўз имкониятларига ишонишга ўргатадиган муҳит бўлиши керак.
Шу нуқтаи назардан, Андижон давлат университетида таълим мазмунини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялардан оқилона фойдаланиш, илмий тўгараклар ҳамда инновацион лойиҳалар фаолиятини кенгайтиришни устувор вазифаларимиздан бири деб биламан.
Мактубдаги муваффақиятсизликлардан тўғри хулоса чиқариш, қийинчиликлар қаршисида таслим бўлмаслик ва юксак мақсадлар сари қатъият билан интилиш ҳақидаги фикрлар ёшлар тарбиясида алоҳида аҳамиятга эга.
Талабалик инсон ҳаётидаги энг муҳим, айни пайтда мураккаб даврлардан биридир. Бу даврда ёшлар касбий йўлини белгилайди, мустақил қарорлар қабул қилишни ўрганади, турли синов ва муаммоларга дуч келади.
Бундай вазиятларда университет жамоасининг вазифаси талабанинг фақат ўзлаштириш кўрсаткичларини назорат қилиш эмас, балки унинг қизиқишлари, интилишлари ва муаммоларини ўрганиш, зарур пайтда унга кўмак беришдан иборат.
Ҳар бир декан, кафедра мудири, профессор-ўқитувчи ва тьютор ўз фаолиятида талабанинг шахсий ривожланишини устувор мезон сифатида кўриши лозим. Айниқса, ҳаётий қийинчиликларга дуч келган, ўз имкониятларига ишончи сусайган ёки касбий йўлини танлашда қийналаётган ёшлар билан индивидуал ишлаш тизимини такомиллаштиришимиз керак.
Биз учун ҳар бир талабанинг муваффақияти муҳим. Чунки унинг бугунги интилиши, изланиши ва эришган натижаси университетимизнинг эртанги нуфузини белгилайди.
Давлатимиз раҳбари мактубида хорижий мамлакатларга амалга оширилаётган сафарларнинг мақсадларидан бири ёшларнинг сифатли таълим олиши учун янги имкониятлар ва ҳамкорлик алоқаларини яратиш эканини баён этган.
Ушбу фикрлар университетнинг халқаро ҳамкорлик борасидаги фаолиятига ҳам янгича мезонлар асосида ёндашиш зарурлигини кўрсатади.
Халқаро ҳамкорликнинг самарадорлиги имзоланган меморандумлар ёки амалга оширилган ташрифлар сони билан эмас, балки уларнинг талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун яратган аниқ имкониятлари билан ўлчаниши керак.
Энг муҳими, хорижда ўрганилган илғор тажрибалар университетимизнинг кундалик таълим жараёнига татбиқ этилиши, ўзининг амалий натижасини бериши лозим.
Ёшларни илмга, ҳалолликка, меҳнатсеварликка ва масъулиятга ўргатишда устознинг шахсий намунаси беқиёс аҳамиятга эга.
Талабадан китобхонликни талаб қилар эканмиз, аввало, ўзимиз мунтазам мутолаа қилишимиз, уни илмий изланишга ундар эканмиз, шахсан ўзимиз илм-фан янгиликлари билан яшашимиз, вақтни қадрлашга чақирар эканмиз, фаолиятимизда интизом ва масъулият намунасини кўрсатишимиз керак.
Мактубнинг мазмун-моҳиятини талаба-ёшларга етказиш бир марталик тарғибот учрашувлари билан чекланиб қолмаслиги керак. Ундаги ҳаётий сабоқлар университетимизнинг таълим-тарбия жараёни, бошқарув тамойиллари ва истиқболдаги ривожланиш дастурларида ўз аксини топади, албатта.
Келажак бугунги масъулиятдан бошланади. Шу маънода мен Андижон давлат университетининг истиқболини замонавий билимларга эга, дунё билан ҳамнафас, мустақил фикрлайдиган, ўз касбини савадиган ва жамият олдидаги бурчини англайдиган ёшлар тимсолида кўраман.
Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўладиган ана шундай ёшларни тарбиялаш шубҳасиз, зиммамизга янада улкан масъулият юклайди.
Бизнинг энг асосий вазифамиз талабаларга шунчаки диплом бериш эмас, балки уларни ҳаётга тайёрлаш, ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун имконият яратиш ва келажагини мустақил барпо эта оладиган шахс сифатида тарбиялашдир.
Бахтиёржон Акбаралиев,
Андижон давлат университети ректори, профессор.
ЎзА