Таълим, тарбия ва спорт уйғунлиги: футболни ривожлантиришга комплекс ёндашув
Ўзбекистонда футболни ривожлантириш янги босқичга кўтарилди. Ёшларни спортга кенг жалб этиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш орқали соҳа истиқболи таъминланмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, хусусан, футболни ривожлантириш, уни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, соҳа инфратузилмасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда юқори малакали спортчиларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада футболни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини эрта аниқлаш, замонавий таълим ва машғулот тизимини йўлга қўйиш устувор вазифалардан бирига айланди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳамда «Маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда футболни янги босқичга олиб чиқиш, унинг оммавийлигини ошириш ва ёшлар футболини тизимли ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Жамиятда спорт соғлом турмуш тарзи, кучли ирода, юксак интизом ва фаол ҳаёт позициясининг муҳим омили сифатида эътироф этилади. Айниқса, ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол инсонлар этиб тарбиялашда спортнинг ўрни беқиёс. Ана шундай эзгу мақсадларни ўз фаолиятининг асосий йўналиши сифатида белгилаган таълим муассасаларидан бири Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетидир.
Бугунги глобал футбол майдонида юқори натижаларга эришиш учун фақат табиий иқтидор ёки анъанавий машғулот усулларининг ўзи етарли эмас. Бунинг учун спортчиларни тайёрлаш жараёнини илмий асосда ташкил этиш, замонавий педагогик ва инновацион технологияларни татбиқ қилиш, жисмоний, техник, тактик ҳамда психологик тайёргарликни ўзаро уйғунлаштириш талаб этилади. Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг Осиё ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда эришаётган натижалари ҳам ёш футболчиларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этишини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида спорт соҳаси учун рақобатбардош, малакали ва замонавий фикрлайдиган мутахассислар тайёрланмоқда. Университетда 60 дан ортиқ спорт йўналиши бўйича таълим жараёни йўлга қўйилган. Хусусан, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига кирувчи 32 та, қишки Олимпия спорт турларига оид 5 та, шунингдек, 25 та ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича кадрлар тайёрланмоқда.
Университетда таълим жараёни назарий билимлар ва амалий машғулотларнинг узвийлиги асосида ташкил этилган. Талабалар спорт техникаси ва тактикаси, мусобақаларга психологик тайёргарлик, спорт педагогикаси, жамоа билан ишлаш ҳамда касбий маҳорат сирларини чуқур ўзлаштириш имкониятига эга. Бундай ёндашув келгусида спорт соҳасида самарали фаолият юритадиган, мустақил фикрлайдиган ва замонавий билимларга эга мутахассисларни камол топтиришга хизмат қилади.
Таълим муассасасининг илмий-педагогик салоҳияти ҳам унинг асосий устунликларидан бири. Университетда фан докторлари, профессорлар, доцентлар, фалсафа докторлари (PhD), шунингдек, тажрибали катта ўқитувчилар ва ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг бой амалий тажрибаси, илмий изланишлари ва касбий фидойилиги таълим сифатини ошириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни спортда юқори натижаларга эришишга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сўнгги йилларда университетда талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар ўртасида футбол ва мини-футбол мусобақаларини мунтазам ўтказиш анъанага айланган. Ушбу мусобақалардан кўзланган асосий мақсад жамоада дўстона ва соғлом муҳитни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда истиқболли футболчиларни саралаб олишдан иборат. Шу билан бирга, бундай тадбирлар талабалар ва устозлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамоавийлик ва ўзаро ҳурмат туйғуларини ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг футболни ривожлантириш ва маҳаллаларда спорт инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган фармон ва қарорлари ижроси доирасида университетимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, маҳалла ёшларини футболга кенг жалб этиш мақсадида махсус футбол тўгараклари ташкил этилган. Айни пайтда ушбу тўгаракларда 200 нафардан ортиқ ёшлар дарсдан ташқари вақтларда мунтазам равишда футбол билан шуғулланиб келмоқда.
Мазкур машғулотларни кафедрамиз профессор-ўқитувчилари ҳамда битирувчи курс талабаларидан иборат малакали мутахассислар олиб бормоқда. Машғулотлар жараёнида анъанавий усуллар билан бир қаторда инновацион таълим технологиялари, интерфаол ўйинлар ва видеотаҳлил воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Бу эса ёш футболчиларнинг ўйин вазиятини тўғри баҳолаш, майдонни кўра билиш, рақиб ҳаракатларини таҳлил қилиш ва тезкор тактик қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, машғулотларда ҳар бир ёшнинг жисмоний имконияти, техник тайёргарлиги ва индивидуал қобилиятини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса футболчиларнинг шахсий маҳоратини ошириш билан бирга, жамоавий ҳаракатларнинг самарадорлигини таъминлашга ҳам ёрдам бермоқда. Энг муҳими, тўгараклар ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни зарарли одатлардан асраш ва соғлом ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Университет тарбияланувчиларининг Осиё, жаҳон ва Олимпия миқёсидаги нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани барчамиз учун ғурур ва ифтихор манбаидир. Қўлга киритилаётган ҳар бир ютуқ замирида спортчиларнинг машаққатли меҳнати, устоз ва мураббийларнинг фидойилиги, шунингдек, пухта ташкил этилган таълим-тарбия ва машғулот жараёни мужассам. Бу натижалар ёш авлодни спортга жалб этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва профессионал спортга йўналтириш борасидаги тизимли ишларнинг самараси.
Шахсан мен учун ушбу нуфузли олий таълим муассасасида фаолият юритиш катта шараф ва масъулият. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг профессор-ўқитувчиси сифатида ёшларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий ва руҳий камолотига ҳисса қўшишни ўзимнинг касбий бурчим, деб биламан.
Зеро, спорт фақат ғалаба ва натижа эмас. У инсонни интизомга, матонатга, жамоа манфаатини шахсий манфаатдан устун қўйишга, қийинчиликларни енгиб ўтишга ўргатади. Шу маънода, таълим, тарбия ва спортнинг ўзаро уйғунлиги баркамол авлодни вояга етказишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Ишончим комилки, университетимизда йўлга қўйилган таълим, илмий изланиш ва амалий спорт фаолиятининг ўзаро интеграцияси келгусида ҳам мамлакатимиз футболининг ривожига муносиб ҳисса қўшади. Чунки университет нафақат малакали мутахассислар тайёрлайдиган таълим маскани, балки ёшлар орзу-интилишлари, бирдамлик, соғлом рақобат ва юксак натижалар сари интилиш мужассам бўлган маърифат ва спорт марказидир.
Сирожиддин ПЎЛАТОВ,
ЎзДЖТСУ в.б. профессори
ЎзА