«Раҳбар кубоги – 2026» ғолиблари аниқланди
Пойтахтимиздаги «Олимпия шаҳарчаси»да Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг волейбол бўйича «Раҳбар кубоги – 2026» спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Унда вазирлик марказий аппарати ҳамда тизим ташкилотлари ходимларидан таркиб топган 16 та жамоа ўзаро куч синашди.
Қизғин ва муросасиз кечган учрашувларда иштирокчилар жисмоний тайёргарлиги, чаққонлиги ва жамоавий ўйин маҳоратини намоён этди. Ҳар бир очко учун кураш ва жамоаларнинг ғалабага интилиши баҳсларга янада қизғинлик бағишлади.
Мусобақа ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, меҳнат жамоалари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Бундай беллашувлар ҳамкасблар ўртасида ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Якуний натижаларга кўра, «Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш» республика маркази жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Бухоро вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси жамоаси иккинчи, Жиззах вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-32563]
Камола ЮСУПОВА,
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА