Таълим соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Азалий дўстлик, чин қардошлик, яхши қўшничилик тамойили асосида ривожланаётган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги сўнгги йилларда янада жадаллашгани эътиборга молик.
Бугун давлат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги мулоқотда илм-фан, таълим, маданият, санъат, туризм, спорт ва бошқа соҳалардаги шерикликка ҳам алоҳида урғу берилиб, бу борадаги алоқаларни фаоллаштириш долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан ўзаро олий ўқув юртлари кўргазма ва ярмаркалари, таълим кунлари ўтказилиши яхши анъанага айланди.
Масалан, айни кунларда Олмаота шаҳридаги “Almaty Management university”да Ўзбекистоннинг “International school of Finance technology and science” институти раҳбар ва ходимлари иштирокида тажриба алмашиш кўзда тутилган семинар-тренинг давом этяпти.

Ўқув машғулотларида “Юқори бошқарув, халқаро ва ноёб билим”, “Бошқарув соҳасида педагогика”, “Бошқарув ва консалтинг тажрибаси”, “Таълим ва инновация” каби мавзулар ўрин олгани диққатга сазовор.

Самимий руҳда ўтаётган тадбирларда икки қардош халқ таълим муассасаси раҳбарияти, профессор ва етакчи олимларининг маърузалари тингланяпти. Соҳада тўпланган бой тажриба ўртоқлашилмоқда, малака алмашув, қўшма лойиҳаларни бирга амалга ошириш масалалари муҳокама этиляпти.

Тадбир доирасида “Almaty Management university” ҳамда “International school of Finance technology and science” институти ўртасида Ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Мадина Зуфарова, ЎзА