Таълим сифати юксалмоқда
Андижон давлат чет тиллари институтида халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ўқув жараёнларига хорижлик мутахассисларни жалб этиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу йўналишда АҚШнинг “Pinnacle Teaching Solutions” ташкилоти билан йўлга қўйилган ҳамкорлик ижобий натижалар бермоқда.
Хусусан, “Pinnacle Teaching Solutions” ташкилоти билан “Engage-2026” дастури доирасида амалга оширилаётган лойиҳа институтдаги ўқув жараёнларига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, таълим сифатини ошириш, малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу дастур талабаларнинг тил ўрганиш кўникмаларини ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг методик маҳоратини оширишга қаратилган лойиҳа ҳисобланади. Дастурнинг асосий мақсади, инглиз тили ўқитишнинг инновацион усулларини жорий этиш ва талабаларда глобал меҳнат бозорига мослашувчанликни шакллантиришдан иборат.

Дастур доирасида институтга АҚШ ва бошқа давлатлардан халқаро миқёсда эътироф этилган 5 нафар тажрибали инглиз тили мутахассиси ташриф буюрган. Улар институтдаги ўқув жараёнларига тўлақонли интеграция қилинган бўлиб, самарали иш олиб бормоқда.
Хорижлик мутахассислар фаолияти давомида халқаро стандартлар даражасида академик матнлар тайёрлаш ва аргументатив нутқни шакллантириш, институт ўқитувчилари учун “Teaching methodology” бўйича маҳорат дарслари ташкил этиш, тил ўрганиш жараёнини маданий контекст билан бойитиш орқали талабаларнинг дунёқараши кенгаймоқда.

Дастур доирасидаги машғулотлар, хорижлик мутахассислар томонидан қўлланилаётган “Student-centered learning” (Талабага йўналтирилган таълим) ёндашувлар дарсларнинг жонли ва интерактив руҳда ўтишини таъминламоқда.
Ф. Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.