Таълим ислоҳотлари – натижа ва тараққиёт мезони
Бугунги кунда мактаб фақат билим берувчи муассаса эмас, балки ёш авлоднинг интеллектуал, маънавий ва ижтимоий салоҳиятини шакллантирувчи муҳим масканга айланган. Таълим сифатини ошириш эса, аввало, замонавий фикрлайдиган, ташаббускор, изланувчан ва масъулиятли раҳбарлар ҳамда юқори малакали педагоглар фаолияти билан бевосита боғлиқ.
Навоий шаҳридаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Мирёқубжон Шодиев ана шундай ташаббускор ва изланувчан раҳбарлардан биридир. Таълим соҳасида 14 йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлган М.Шодиев педагогик фаолиятини 2014 йилда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети академик лицейида инглиз тили фани ўқитувчиси сифатида бошлаган. Илк меҳнат фаолиятиданоқ ўзининг билим ва салоҳияти, изланувчанлиги, замонавий педагогик ёндашувлари ҳамда касбига бўлган юксак масъулияти билан ҳамкасблари ва ўқувчилар эътиборини қозонган.

У педагогик фаолияти давомида 5 та ўқув-услубий қўлланма ва 100 дан зиёд электрон дарс ишланмаларини яратган. Шунингдек, у 2017 йил 25 декабрда академик лицейлар инглиз тили ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Энг яхши ўқитувчи” номинацияси совриндори бўлган. 2018 йил 20 майда “Инглиз тилини ривожлантиришда китобхонликнинг ўрни” мавзусидаги Республика эсселар танловининг вилоят босқичида II ўринни эгаллаган. 2024 йил май ойида эса IELTS халқаро сертификатидан 8 балл натижага эришган.
– Замонавий таълим тизимида халқаро тажриба ва илғор хорижий амалиётни ўрганиш ҳамда уни миллий таълим муҳитига татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади, – дейди М.Шодиев. – 2024 йил январь-март ойларида АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштириладиган Fulbright Teaching Excellence and Achievement - TEA дастури соҳиби сифатида АҚШнинг Калифорния штатида амалий малака ошириб қайтганман. Халқаро дастурда иштирок этиш менга замонавий таълим технологиялари, ўқитиш методикаси ва хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш, уларнинг самарали жиҳатларини таҳлил қилиш ҳамда миллий таълим амалиётига мослаштириш имконини берди.

М.Шодиев 2024 йил июнь ойидан бошлаб Навоий шаҳар 23-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Айни пайтда мактабда 83 нафар педагог ходим фаолият юритиб, уларнинг 33 нафари олий, 27 нафари биринчи ва 22 нафари иккинчи тоифали педагоглардан иборат. Мактаб педагогларининг 68 нафари турли даражадаги халқаро ва миллий сертификатларга эга. Педагогларнинг меҳнатини рағбатлантириш ва касбий маҳоратини ошириш учун яратилган шароитлар натижасида 17 нафар педагог 70 фоизлик устамага эга бўлган, 2025-2026 ўқув йилида эса 3 нафар ўқитувчи “Вазир устамаси”га сазовор бўлди.

Мактабда ўқувчиларнинг фан олимпиадаларидаги иштирокини тизимли йўлга қўйишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025-2026 ўқув йилида фан олимпиадасининг шаҳар босқичида мактабнинг 6 нафар ўқувчиси совриндорлар қаторидан жой олган. 1 нафар ўқувчи шахмат бўйича ўтказилган мусобақанинг Республика босқичида иштирок этган. Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Энг яхши ҳуқуқ фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичида мактабнинг ҳуқуқ фани ўқитувчиси Аслиддин Қўчқоров I ўринни қўлга киритган.
Таълим сифатини баҳолашда битирувчиларнинг кейинги босқичдаги натижалари алоҳида аҳамиятга эга. 2025-2026 ўқув йилида мактабни 31 нафар ўқувчи тамомлаган бўлса, уларнинг 22 нафари, яъни 73 фоизи олий таълим муассасалари талабалари сафига қабул қилинди. Ушбу кўрсаткич Навоий шаҳри мактаблари рейтингида I ўринни эгаллаган.

Бугунги таълим ислоҳотлари мактаб ҳаётининг ҳар бир йўналишида педагогнинг касбий ўсиши, ўқувчининг билими, таълим технологияларининг янгиланиши, халқаро тажрибадан фойдаланиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва таълим натижаларини таҳлил қилиш жараёнларида ўз ифодасини топмоқда. Навоий шаҳридаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилаётган ишлар эса ана шу жараёнларнинг муайян амалий кўринишидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири