Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Таълим масканлари мавсумга шай

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларни қиш мавсумига тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфидаги умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларни қиш мавсумига тайёрлаш ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Бу жараёнда таълим масканларининг муҳандислик-коммуникация тизимлари ва иситиш тармоқларини таъмирлаш ва янгилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2015 йил 7 июлда қабул қилинган Республика иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори бу борада муҳим омил бўлмоқда.

Мавсумга тайёргарлик ишлари шаҳар халқ таълими муассасалари, тегишли ташкилот ва корхоналар ҳамкорлигида амалга оширилаётир. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда таълим муассасаларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, амалга оширилган ишлар доимий мониторинг қилиб борилаётир.

Чилонзор туманидаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатда ҳам мазкур йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

– Ўтган йили иситиш, электр таъминоти билан боғлиқ айрим камчиликларга дуч келган эдик, – дейди мактаб-интернат директори Ўлмас Камолов. – Жорий йилда таълим муассасамизнинг иситиш тизими ва электр таъминоти тармоқлари тўла таъмирдан чиқарилди.

Жорий йилда пойтахтимиздаги 7 таълим даргоҳида реконструкция, 397 умумтаълим мактаби, интернат ва мактабгача таълим муассасасини жорий таъмирлаш, 24 таълим муассасасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

– Ҳозирги кунга қадар 273 таълим муассасасида ички ва ташқи иситиш тизимлари таъмирланди, – дейди Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси шўъба мудири Эргаш Магдиев. – Айни вақтда муассасалардаги 32 қозонни жорий, 72 минг 435 метр квадрат бино том қисмларини капитал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётир.

Таълим даргоҳларида иссиқлик меъёрида бўлишини таъминлаш мақсадида 3 минг 834 метр квадрат яроқсиз ҳолга келиб қолган дераза ойналари алмаштирилди. 21 таълим даргоҳида электр тизими билан боғлиқкамчиликлар аниқланиб, бартараф этилди. 1 минг 258 метр узунликдаги иссиқлик тармоғи изоляцияланди.

Ўтган қиш мавсумида кузатилган камчиликлар инобатга олинган ҳолда, таълим даргоҳларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёни синчиклаб ўрганилмоқда. Соҳа ходимларига барча турдаги тизимлардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берилмоқда.