Ёмғир баҳонасида очилиб қолган камчиликлар қачон эътиборга олинади?
Йўл-йўлакай...
Ёғингарчилик мавсуми бошланиши билан шаҳар кўчаларидаги асл манзара юзага чиқади. Ёққан ёмғир ободонлаштириш тизимидаги камчиликларни ва назорат сусайганини юзага чиқаради. Вақтида тозаланмаган ариқлар сувга эмас, чиқиндига тўлади.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани, Юзработ кўчасидаги гавжум бекатда ҳам бир неча ойдан буён шу ҳолат ҳукмрон. Автобус қатнови узилмайдиган бу жойда кўп вақтдан бери оддийгина чиқинди қутиси йўқ.
Йўловчилар қўлидаги идиш ёки қоғозни қаерга ташлашни билмай, бекат ёнидаги ариққа улоқтиришга мажбур. Оқибатда ҳар суткада тозаланиши шарт бўлган ариқда чиқиндилар ҳафталаб уюлиб ётади. Пойтахтнинг марказий ҳудудларидан бирида бу манзаранинг узоқ давом этиши кишини ўйга толдиради.

Энг ёмони, ҳудуд озодалиги назоратсиздай туюлади. Одамларнинг мурожаатлари эса эътиборсиз қолади. Туман ободонлаштириш бошқармаси диспетчерлик хизмати гўёки шикоятларни шунчаки дафтарга қайд этувчи воситага айланиб қолгандек. Бекатга урна ўрнатишни сўраб қилинган мурожаатлардан сўнг роппа-роса беш ой ўтди. Масъул ходимлардан бири муаммони ҳал қилиш учун яна муҳлат сўрайди.
Масаланинг илдизини ўрганганимизда, битта чиқинди қутисининг йўқлиги ортида бутун бошли ободонлаштириш тизимидаги ташкилий ва ижтимоий муаммолар ётганига гувоҳ бўласиз.
Кузатувларимизга кўра, соҳада кадрлар ва маблағ етишмовчилиги яққол кўзга ташланади. Аввало, ҳудудларга бириктирилган ишчилар тез-тез марказий кўчалар ёки бошқа ҳудудларга жалб қилиниб, маҳалла ва ички бекатлар қаровсиз қолади. Шунингдек, штат бирликлари кам. Бутун бошли катта мавзени тозалаш учун бор-йўғи тўрт-беш ишчи тўғри келади.
Жисмонан уларнинг бунга қурби етмайди. Қолаверса, оддий чиқинди қутиларини янгилаш тугул, соҳа ходимларининг меҳнат шароитлари ҳам оғир. Ойлик маошлар ҳам юқори эмас. Меҳнат кодексида тушлик танаффуси белгиланган бўлса-да, махсус исиниш ёки овқатланиш жойлари йўқлиги сабабли ишчилар йўл четида, дарахт соясида тамадди қилишга мажбур.
Озода ва кўркам кўчаларимиз ортида шу оддий ишчиларнинг машаққатли меҳнати ётибди. Бироқ тозаликни таъминлаши керак бўлган ташкилотнинг ўзи маблағ ва штат танқислигидан қийналар экан, Юзработ кўчасидаги каби чиқиндига тўла ариқлар манзараси такрорланаверади.

Ушбу мақолани тайёрлашда шу тизимнинг қуйи бўғинида ишлайдиганлар билан суҳбатлашдик. Бу мулоқотларимиз асосида туғилган фикрларимиз ўз дардини айтган ходимларга жазо бўлиб бормаслиги керак.
Йўл-йўлакай айтилган фикрларимиз ортидан мана шундай кўчалардаги муаммолар ҳал бўлишини истаймиз. Биз мисол келтирган бекатга эса чиқинди қутиси ўрнатиш ва ҳудуд тозалигини таъминлаш муаммосини тезкор ҳал этилади деган умиддамиз. Бу масалалар юзасидан туман ҳокимлиги, ободонлаштириш бошқармасидан амалий ечим кутиб қоламиз.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА