Ўзбекистонда квартиралар топширилиши тўққиз ойда 25,2% ошди (+видео)
2026 йил учун 140 206 та квартиралик режа 48,4 фоизга бажарилди. “Янги Ўзбекистон” массивларида 13 408 та квартира топширилди, бу йиллик режанинг қарийб 40 фоизи.
2026 йил январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда 67 859 та квартира фойдаланишга топширилди. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 683 тага ёки 25,2 фоизга кўп. 2025 йилнинг шу даврида қарийб 54,2 минг квартира топширилган эди. 2026 йил учун режа 140 206 та квартирани ташкил этади, 1 октябрь ҳолатига у 48,4 фоизга бажарилди. Режани тўлиқ бажариш учун тўртинчи чоракда яна 72 347 та квартира топширилиши керак, яъни дастлабки тўққиз ойдагидан кўпроқ.
Вазирлик 2021 йилдан буён барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича алоҳида маълумот келтирди: у ерларда уй-жойдан ташқари йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда ижтимоий соҳа объектлари қурилади. 2022–2025-йилларда бу массивларда 55 264 та квартира фойдаланишга топширилди. 2026 йилда 61 та массивда жами 33 926 та квартира қуриш белгиланган. 1 октябрь ҳолатига улардан 13 408 таси топширилди, бу йиллик режанинг қарийб 40 фоизи.
Тўққиз ойда мамлакатда топширилган барча квартираларнинг тахминан бешдан бир қисми (19,8 фоиз) массивларга тўғри келди. Ўзбекистон аҳолиси 39,5 млн кишига етди, улардан 21,5 млн нафари шаҳарларда яшайди, урбанизация даражаси 54,4 фоизни ташкил этади. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш мақсад қилинган. Сўнгги 10 йилда мамлакатда 12 мингта кўп қаватли уй қурилиб, 600 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилди, аҳоли жон бошига уй-жой майдони 19,2 квадрат метрдан ошди.
Муҳайё Турдалиева, Искандар Исматов, ЎзА