Талаба ёшлар бўш вақтларини мазмунли ўтказмоқда
Андижон давлат университетида талаба ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва спорт соҳаларидаги салоҳиятини намоён этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Talaba FEST” фестивали бўлиб ўтди.
Фестиваль вилоятдаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фаол ва ташаббускор ёшларни бирлаштирган муҳим мулоқот майдонига айланди. Хусусан, фестиваль доирасидаги ижодий учрашувлар, инновацион лойиҳалар кўргазмалари, спорт мусобақалари, адабий кеча, интеллектуал ўйинлар ҳамда маданий-кўнгилочар дастурлар ҳар бир иштирокчида унутилмас таассурот қолдирди.

Мазкур тадбирлар иштирокчиларга ўзларининг истеъдод, иқтидор, билим ва ташаббусларини намоён қилиш, илғор ғоя ва ташаббусларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш имконини берди.

– Фестиваль доирасидаги ижодкор ёшлар мушоираси жуда мазмунли ва қизиқарли ўтди. Турли олий ўқув юртларидаги тенгдошларимиз ижоди билан яқиндан танишдик, ижод борасида фикрлашдик, бир-биримиздан тажриба ўргандик, – дейди Андижон давлат университети филология факультети талабаси Ҳуснидахон Мадаминова.

Тадбирлар давомида талабалар ўзаро тажриба алмашди, янги-янги таклиф, фикр ва ғоялари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ўзаро дўстлик ҳамда келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

“Talaba FEST” фестивали ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш билан бирга, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, сардорлик фазилатлари ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири.