Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтлари янада мазмунли ўтади
Андижонда “Мактаб маслаҳатчилари форуми” лойиҳаси бошланишига бағишланган вилоят семинари бўлиб ўтди.
Андижон вилояти "Келажак" маркази ташаббуси билан Олтинкўл туманидаги 12- умумтаълим мактабида ташкил этилган семинарда марказ ҳамда туман, шаҳар мактабгача таълим бўлимлари мутахассислари, ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари ташкил этилган мактаблар вакиллари, ўқувчи ёшлар иштирок этди.
Семинар очилишида сўз олган Андижон вилояти "Келажак" маркази директори Файзулло Дадажонов ва бошқалар мактаб маслаҳатчиларининг ёшлар тарбияси, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишдаги ўрни, шунингдек, форумнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.


Форум доирасида мактаб маслаҳатчилари фаолиятини такомиллаштириш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ҳамда илғор иш тажрибаларини оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳозирда Қўрғонтепа, Бўстон, Асака ва Хўжаобод туманларида ташкил этилган “Кеlajak kemp” ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари фаолиятини самарали юритиш, бошқа туман ва шаҳарларда ҳам мана шундай оромгоҳлар ташкил этиш ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирилди.


Семинар давомида мактабларда ташкил этилган турли тўгараклар кўргазмалари, спорт мусобақалари, “Заковат” беллашуви, иқтидорли ўқувчиларнинг сартап лойиҳалар тақдимотлари ҳамда маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди.

Семинарда ўқувчи ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда мактаб маслаҳатчиларининг билим ва тажрибасини оширишга, фаолиятларига илғор иш услубларини жорий этишга қаратилган қатор лойиҳа ва тадбирлар ҳам ўтказилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари