Таҳмина Икромова жаҳон кубоги босқичида шоҳсупага кўтарилди
Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичида дунёнинг 40 та мамлакатидан келган 160 дан ортиқ спортчилар иштирок этмоқда.
Гимнастика бўйича Республика марказий ўқув-спорт мактабида Ўзбекистон Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, гимнастика федерацияси ҳамда Ўзавтосаноат акциядорлик жамияти кўмагида ташкил этилаётган ушбу мусобақанинг икки кунида гимнастикачилар яккалик ва гуруҳ машқлари бўйича беллашувларда ўз омадини синовдан ўтказди.
Қувонарлиси куни кеча яккаликлар ўртасида ўтган кўпкураш баҳсларида маҳоратли гимнастикачимиз Таҳмина Икромова 110.90 балл билан бронза медалини қўлга киритди. ушбу йўналишда Мария Борисова (AIN2) олтин, Дарья Варфоломеев (Германия) кумуш медальга сазовор бўлди.
Бугун, 12 апрель санасида алоҳида турлар – ҳалқа, тўп, тасма ва булавалар, гуруҳ машқларида эса 5 та тўп, 3 та ҳалқа ва 2 жуфт булава бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Шунингдек, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
[gallery-28705]
Маълумот учун, ушбу мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА