Таҳлил ва таклиф: келажакда ким бўласан?
Бир пайтлар кўпчилик ота-оналар фарзандини касб-ҳунар, кичик бизнес ва тадбиркорликка эмас, кўпроқ прокурор ёки бошқа номдор лавозим эгаси бўлиш учун ўқишга ундарди.
Энди манзара ўзгармоқда, оилалар болаларини касб-ҳунар, муҳандислик ва инновацияларга ўргатишга интилмоқда. Улкан ислоҳотлар натижасида аҳолимизнинг интеллектуал салоҳияти ҳам дунё билан тенг ўсиб бораётгани бу масалани янада долзарб қилмоқда. Олий таълим диплом берувчи маскандан касб-ҳунар ва амалиёт билан боғланган марказга айланмоқда, техникумлар янгиланмоқда, мактабларда болаларни касбга йўналтиришнинг замонавий тизими шаклланмоқда.
Шундай пайтда табиий савол туғилади: бу ислоҳотлар самарасини тўлиқ рўёбга чиқариш учун яна нима зарур?

Шу ўринда таълимни иморатга қиёсласак, у тўрт устунга таянади. Биринчиси – давлат бошқаруви, ҳуқуқий база ва қонунчилик. Иккинчиси – мактаб, техникум, олийгоҳ каби таълим муассасалари ва уларнинг инфратузилмаси. Учинчиси эса ўқувчи, талаба, тингловчи ва докторант, яъни таълим олувчининг ўзи ва сўнгги – тўртинчиси – ота-она, оила ва жамият.
Кейинги йилларда қабул қилинган ҳужжатлар асосан дастлабки учта устунни мустаҳкамлашга қаратилди, янги қонунлар қабул қилинди, мактаб ва техникумлар қурилди, ўқув дастурлари ўзгарди. Сўнгги устун – оилани таълим жараёнига тайёрлаш эса энди алоҳида тизим сифатида шаклланиши лозим бўлган йўналишдир. Чунки боланинг қайси касбни танлаши, ўзига ишониши ва мақсад сари қатъият билан интилиши кўп жиҳатдан оилада, дастурхон атрофидаги оддий суҳбатларда шаклланади.
Президентимизнинг 2025 йил 23 октябрдаги “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2026/2027 ўқув йилидан болаларни касбга йўналтиришнинг босқичли тизими жорий этилмоқда. Боғчада 5 ёшдан “Атрофимиздаги касблар”, 1–4-синфларда “Касблар алифбоси”, 5–6-синфларда “Касблар олами”, 7–9-синфларда эса “Менинг келажакдаги касбим” дастурлари асосида иш олиб борилади.
Қарорда 2030 йилгача 9-синф битирувчиларини касбий таълим билан қамраш даражасини 29 фоиздан 50 фоизга, дуал таълим улушини эса 9 фоиздан 40 фоизга етказиш мақсади белгиланган. 2026 йилги Давлат дастурига мувофиқ, 7 та ҳудуддаги илғор техникумларда “Касблар шаҳарчалари” ташкил этилмоқда, мактабларда мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинмоқда.
Бу дастурлар мактабда бола билан ишлайди. Кечқурун эса бола уйига қайтади. Ота-она замонавий касблар, техникум ва дуал таълим имкониятлари, фарзандининг қизиқишлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлса, мактабда бошланган иш уйда давом этади ва мустаҳкамланади.
Шу ўринда оила таълим жараёнининг фаол иштирокчисига айланиши учун бир нечта амалий механизм таклиф этиш мумкин.
Ота-оналар академияси. Мактаб ва маҳалла негизида ташкил этиладиган модулли машғулотлар боланинг қизиқишларини кузатиш, замонавий касблар ва меҳнат бозори, таълим йўналишлари ва қабул тизими, фарзанд билан касб ҳақида суҳбат қуриш имконини беради.
Оилавий касб маслаҳати. 7- ва 9-синфда ота-она, ўқувчи ва мактаб маслаҳатчисининг учлик учрашувлари ташкил этилиши лозим. Шунда касб танлаш оила, мактаб ва боланинг биргаликдаги қарорига айланади.
Маҳалла “касб элчилари”. Ҳар бир маҳаллада ўз касбининг устаси бўлган ҳунарманд ва мутахассислардан иборат жамоатчилик гуруҳи шакллантирилса, улар мактабларда учрашувлар ўтказади, болаларни устахоналарга таклиф қилади.
Ягона “Касб портфолиоси”. Боланинг 5 ёшдан бошлаб қизиқишлари, ташхис натижалари, тўгарак ва амалиётлари бир жойда жамланади. Уни ўқувчи, ота-она ва маслаҳатчи бирдек кўради.
Бу таклифлар 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланганига ҳам мос келади, маҳалла таълим ва тарбиянинг таянч бўғинига айланади.
Шу ўринда хориж тажрибасига таянсак. Германияда касбга йўналтириш мактаб, бандлик хизмати, иш берувчи ва оила иштирокидаги ягона занжир сифатида ишлайди. Федерал таълим ва тадқиқотлар вазирлиги 2008 йилда йўлга қўйган касбга йўналтириш дастурида ўқувчилар 7- ёки 8-синфда икки кунлик “потенциал таҳлил”дан ўтади, 8-синфда эса камида учта касб соҳасида икки ҳафталик “устахона кунлари”да иштирок этади. Кейин корхонада амалиёт ва онгли касб танлови келади.
Федерал бандлик агентлиги 2019/2020 ўқув йилидан бутун мамлакатда “ҳаёт давомида касб маслаҳати” хизматини жорий этган. Маслаҳатчилар мактабларда ишлайди, ўқувчи маслаҳатга ота-онаси билан бирга келиши мумкин, ота-оналар учун алоҳида тадбирлар ва рақамли ота-оналар кечалари ўтказилади.
Жанубий Кореяда эса ўрта мактабнинг биринчи йилида бир семестр давомида ўқувчилар имтиҳонларсиз касб тадқиқ қилиш билан шуғулланади. Бу тажрибалардан “потенциал таҳлил”ни 7-синфдаги ташхисга, “устахона кунлари”ни “Касблар шаҳарчалари”даги амалий машғулотларга мослаштириш мумкин.
Айни жараёнда соҳада халқаро ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги касбий таълим бўйича ҳамкорлик тез ривожланмоқда. 2026 йил апрелда Берлинда илк бор ўтказилган Ўзбекистон – Германия касбий таълим форумида 200 дан ортиқ киши иштирок этди, 47 та келишув имзоланди. Июнь ойида Ўзбекистон делегацияси Баварияда дуал таълим тажрибасини ўрганди, ўзаро ҳамкорлик меморандуми тайёрланмоқда. Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникумида эса йил якунига қадар 500 нафар ёшни немис тилига ўқитиб, Германияда ҳақ тўланадиган амалиётга юбориш кўзда тутилган.
Бу ҳамкорлик доирасига мактаб босқичидаги касбга йўналтириш ва ота-оналар билан ишлаш тажрибасини ҳам киритиш мақсадга мувофиқ. Германияда амалиёт ўтаб қайтган ёшлар эса ўз маҳалласида “касб элчиси” ва ментор бўлиши мумкин.
Тўрт устун бир-биридан алоҳида ишласа, иморат мустаҳкам бўлмайди. Шу боис идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгаш, ягона натижа кўрсаткичлари ва ҳар йили эълон қилинадиган “Таълимнинг тўрт устуни” миллий маърузаси каби механизмлар зарур. Республикада стандарт ва молия, ҳудудда кластерлар ва иш берувчилар, мактаб ҳамда маҳаллада бола ва оила билан бевосита иш мувофиқлаштирилади.
Боламиз “Келажакда ким бўласан?” деган саволга ишонч билан жавоб бериши учун бу саволни мактаб ҳам, оила ҳам, маҳалла ҳам бериши, жавобни эса биргаликда излаши керак. Ана шунда ҳар бир ёш ўз касбини онгли танлайди, унга ишонади ва шу йўлда шиддат билан ҳаракат қилади.
Санжар МИРЗАЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазири ўринбосари.
ЎзА