Экспертлар сотувлар пасайишининг асосий сабабини ўқув йилининг бошланиши ва чет эл фуқароларининг сезиларли оқими туфайли уй-жой ижарасига талабнинг ошиши билан изоҳлайди. Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархларининг ўртача ўсиши қайд этилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришлари доимий равишда таҳлил қилинади.
Жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга (+3,7 минг) ошди. Умуман, йил бошидан бери, уй-жой савдосининг ўсиши 9,7 фоизни (195,7 мингта) ташкил этди.
Энг юқори ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикасида – 50 фоиз, Сирдарёда – 42 фоиз, Жиззахда – 39 фоиз ва Наманган вилоятларида – 50 фоиз қайд этилди.
Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши

Шу йил август ойига нисбатан кўчмас мулк савдосининг бироз пасайиши кузатилди. Тошкент шаҳрида 1 кв.м учун ўртача ижара нархи йил бошидан буён 22,4 фоизга ошган. Уй-жой ижараси нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Олмазор – 49 фоиз, Яшнобод – 44 фоиз, Сергели – 34 фоиз ва Шайхонтоҳур туманларида – 33 фоиз қайд этилди. 1 кв.м учун ижара ҳақининг юқори қиймати Шайхонтоҳур (12,5 доллар), Миробод (10,8 доллар) ва Яккасарой (10,8 доллар) туманларида кузатилди. Нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (6,7 доллар) ва Бектемир (4,6 доллар) туманларидадир.
Иккиламчи бозорда нархларнинг ўзгариши
Ҳисоб – китоблар шуни кўрсатадики, сентябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиш суръати ойига 1,1 фоизни ташкил этди (август ойида-0,5фоиз, июль ойида-2,5фоиз). Наманган – 5,9 фоиз, Жиззах – 4,5 фоиз ва Фарғона вилоятларида – 4,4фоиз уй-жой нархининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси – 4,3 фоиз, Хоразм – 1,7 фоиз ва Қашқадарё вилоятларида – 0,4 фоиз уй – жой нархи пасайди.
Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида)

Йил бошидан бери иккиламчи бозорда 1 кв.м учун ўртача уй-жой нархи 8,9 фоизга ошди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги нархларнинг ўсиши 1,7 фоизни ташкил этди (август ойида 1,4 фоиз, июль ойида 2,4 фоиз). Уй-жой нархининг энг катта ўсиши Юнусобод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида қайд этилди.
Тошкент шаҳрида 9 ой давомида уй-жой савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга ўсган. Тошкент вилоятида рўйхатга олинган шартномалар сони 2,4 мингтани ташкил этди.
Даря Мирошникова,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси.
ЎзА