Германиянинг Рейн-Рур ҳудудидаги шаҳарларда ўтадиган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган таркиб эълон қилинди.
Унга кўра, 16-27 июль кунлари ташкил этиладиган ёзги Универсиада ўйинларида 12 нафар талаба-таэквондочиларимиз ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўғил болалар мусобақаларида Шамсиддин Қурбонов (58), Шоҳжаҳон Аҳмедов (63), Умиджон Туробов (68), Нажмиддин Қосимҳожиев (74), Шоҳжаҳон Каримбоев (87), Марат Мавлонов (+87) яккалик ва жамоавий баҳсларда қатнашса, қизлар баҳсида Зуҳра Тожиматова (46), Дилноза Тангирова (49), Лайло Зайниддинова (53), Мадина Мирабзалова (57), Диёра Азизова (62) ва Ирода Миртожиева (+73) совринли ўринларга даъвогарлик қилади.

XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг таэквондо беллашувлари 17-23 июль кунлари Эссен шаҳридаги "Мэссе Эссен" мажмуасида ташкил этилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ўйинларда 150 тага яқин давлатнинг 8 минг 500 нафардан зиёд спортчи-талабалари 18 та спорт турининг 234 та медаллари учун курашади.
Эртага, 16 июль куни XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг очилиш маросими ўтказилади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА