Таэквондо WТ: Сеул турнири ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик вазифасини ўтади
Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида таэквондо WТ бўйича катталар ўртасида Г1 тоифасида ўтказилган “Kim Un Yong Cup” халқаро мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари 3 та олтин, 2 та кумуш ва 7 та бронза, жами 12 та медални қўлга киритди.
Мазкур халқаро турнирда маҳоратли таэквондочиларимиздан Жаҳонгир Худойбердиев (-54), Жасурбек Жайсунов (-80), Озода Собиржонова (-67) олтин, Асадбек Самандаров (-58) ва Ёдгорбек Жўрабоев (-80) кумуш, Назарали Назаров (-63), Аюбхон Набиев (-68), Лайло Ҳасанова (-53), Мадина Мирабзалова (-57), Шаббона Абдувалиева (-57), Моҳидил Ўктамжонова (-62) ва Ирода Миртожиева (+73) бронза медалларига эга чиқди.
Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон таэквондочилари халқаро турнирни 2-ўринда якунлаган бўлса, биринчи ўрин Жанубий Корея жамоасига, 3-ўрин Австралия таэквондочиларига насиб этди.
Яна бир ўзига хос жиҳат, Сеул мусобақалари орқали юртимиз таэквондочилари жорий йилнинг 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларидаги эҳтимолий рақибларини яқиндан таниб олиш имконини тақдим этди.
Эслатиб ўтамиз, "Kim Un Yong Cup" халқаро турнирнинг икки кун муқаддам ёшлар мусобақасида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 4 та олтин, 3 та бронза медалга сазовор бўлганди.
Т.Рўзиев, ЎзА