Тадбиркорнинг электр тармоқларига уланиш борасидаги ҳуқуқлари ҳимоя қилинди
Тадбиркорларнинг электр тармоқларига уланиш борасидаги ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари Бизнес-омбудсман ва тегишли вазирликлар томонидан қатъий назоратга олиниб, уларнинг қонуний манфаатлари изчил ҳимоя қилинмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи 40 га яқин тадбиркорлик субъектлари электр тармоқларига уланиш учун зарур бўлган техник шартларни олиш ва лойиҳа ҳужжатларини келишиш учун амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Ўрганишлар давомида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали томонидан техник шартлар қонун ҳужжатларига зид равишда берилганлиги сабабли, ваколатли орган томонидан тадбиркорларнинг лойиҳа ҳужжатларини келишиш рад этилган.
Амалдаги қонунчиликка ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш” қоидаларининг 20-бандига кўра, техник шартлар сўралаётган қувватга қараб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилиши белгиланган.
Қолаверса, Қоидаларнинг 16-бандида ҲEТК истеъмолчиларнинг электр тармоқлари ва қурилмаларини ўз ҳудудий электр тармоқларига улаш юзасидан техник шартлар беришга мажбурлиги қайд этилган.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тартибга солиш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар филиали раҳбариятига расмий тақдимнома киритилди.
Натижада тадбиркорларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.
Г.Бобоева, ЎзА