Энергетика вазири: тадбиркорлар ўз ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли
Электр энергияси ва табиий газ таъминотида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, уларнинг мурожаатларини эшитиш ва амалий чоралар кўриш мақсадида Энергетика вазирлиги томонидан ҳудудларда очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, ана шундай навбатдаги учрашув Янгийўл туманида бўлиб ўтди. Энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва туман ҳокими Санъатбек Жуманиёзов иштирок этган мулоқотда 27 нафар тадбиркор қатнашди.
Учрашувда тадбиркорлар электр энергияси ва табиий газ таъминоти, тармоқлардаги узилишлар, электр қуввати ва газ босими билан боғлиқ масалалар, тармоқларга уланиш учун техник шартларни олиш, энергия ресурслари бўйича қарздорлик ҳамда бошқа муаммолар юзасидан мурожаат қилди.
Мурожаатларнинг бир қисми жойидаёқ кўриб чиқилиб, улар бўйича тегишли ечимлар белгиланди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган масалалар масъуллар назоратига олиниб, ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Мулоқотда электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича қўлланилган молиявий санкцияларни бекор қилиш ёки камайтириш Энергетика вазирлиги ваколатига кирмаслиги, бундай масалалар суд тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Шунингдек, электр ва газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда расмийлаштирилиши, масалаларни норасмий йўллар билан ҳал қилишга йўл қўйилмаслиги таъкидланди.
Учрашувда энергетика вазири Шерзод Хўжаев тадбиркорлар қонун доирасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишга ҳақли эканини қайд этди.
– Ҳамма ҳужжатингиз тўғри бўлса, ҳеч кимдан илтимос қилишингиз шарт эмас. Электр тармоқларидан талаб қилинг. Бунга тўлиқ ҳаққингиз бор, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, Энергетика вазирлиги томонидан бундай очиқ мулоқотлар давом эттирилмоқда. Айни пайтда Янгийўл тумани билан бир қаторда яна 14 та туманда тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш ва муаммоларини ҳал этиш бўйича штаблар фаолият юритмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА