Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига жорий йил 21 сентябрь куни “Chinoz yo’lindustriya” МЧЖ томонидан мурожаат келиб тушган. Мурожаатда электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида трансформатор ва электр тармоқларида йўқотишларни ҳисоблашда техник хатоликка йўл қўйилгани оқибатида тадбиркорга 2020 йилдан 2022 йил сентябрь ойига қадар жами 200 миллион 181 минг 600 сўм ортиқча қарздорлик ҳисобланган ҳамда ушбу қарздорлик ўз вақтида тўланмагани учун 89 миллион 617 минг 88,7 сўм қўшимча пеня ҳисоблангани кўрсатиб ўтилган.
Мурожаатда кўрсатилган норозиликлар юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан “Ўзэнергоинспекция” Тошкент вилояти ҳудудий бўлимига ҳамда “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖга 2022 йил 28 сентябрь куни хат юборилган бўлиб, мурожаатда келтирилган ҳолатлар қайта кўриб чиқилиши ва тегишли ҳужжатлар ҳудудий бошқармага тақдим этилиши сўралган.
Мурожаатдаги ҳолат Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ва “Ўзэнергоинспекция” Тошкент вилояти ҳудудий бўлими билан биргаликда ўрганилганда томонлар ўртасида имзоланган шартномада электр энегиясидан фойдаланишда истеъмолчининг барча хуқуқ мажбуриятлари кўрсатилган. Бироқ электр энергиясидан фойдаланиш жараёнида трансформатор ва электр тармоқларида йўқотишларни ҳисоблашда техник хатоликка йўл қўйилганлиги оқибатида тадбиркорга жами 200 миллион 181 минг 600 сўм ортиқча қарздорлик ҳисобланган ҳамда ушбу қарздорлик ўз вақтида тўланмаганлиги учун 89 миллион 617 минг 88 сўм қўшимча пеня ҳисобланганлиги маълум бўлди.
“Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан “Chinoz yo’lindustriya” МЧЖга асоссиз ҳисобланган қарийб 300 миллион сўм қарздорлик ҳисобдан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябрь ойида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига Қибрай туманидаги тадбиркор мурожаат қилиб, унга электр энергиясидан асоссиз ҳисобланган жами 114 миллион 167 минг 880 сўм қарздорлик ҳисобланганлигини маълум қилган эди. Натижада “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” AЖга нисбатан иш қўзғатилган ва асоссиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган эди.
ЎзА