Тадбиркорлар меҳнати муносиб қадрланди
Тадбиркорлар куни муносабати билан мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ тадбиркорлар давлат мукофотлари ҳамда "Фаол тадбиркор" кўкрак нишони билан тақдирланди. Тошкент вилояти ҳокимлигида ана шу юксак мукофотларни ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, тадбиркорлар, нуронийлар, вилоят фаоллари, ёшлар, соҳа вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими тадбиркорларни самимий муборакбод этиб, уларнинг мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш, замонавий маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги ташаббуслари ва фидокорона меҳнатини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ҳамда ташаббускор инсонлар учун кенг имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бугунги кунда Тошкент вилоятида 52 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Улар ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ривожланишида, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги даромад манбаларини яратиш ва ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.

Тантанали маросимда давлат мукофотлари ва “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган тадбиркорларга мукофотларни давлатимиз раҳбари номидан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев топширди.
Мукофотланганлар ўзларига билдирилган юксак эътироф ва ишонч учун миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотларни келгусидаги фаолиятлари учун катта рағбат сифатида қабул қилганликларини таъкидладилар. Улар янги лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш ҳамда юртимиз тараққиётига янада муносиб ҳисса қўшиш йўлида изчил фаолият олиб боришларини қайд этди.
А.Мусаев,ЎзА